Покистон Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шеригига айланмоқда
Бугун, 14 июль куни пойтахтимизда Ўзбекистон-Покистон ишбилармон доиралари Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ҳукумати аъзолари ва бизнес доиралар вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиб бораётганини қайд этди. Вазирнинг маълумотларига кўра, сўнгги 5 йилда ўзаро товар айирбошлаш 4 баравар ортди. Бу тенденция давом эттирилиб, давлатлараро иқтисодий алоқалар кенгайтирилади, савдо баланси янада яхшиланади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транспорт ва логистика йўналишларида алоқаларни янада кенгайтириш итиқболдаги мақсад.
Покистон Ўзбекистоннинг кенгайиб бораётган иқтисодий алоқалари тизимида ҳақиқатдан ҳам муҳим ўрин эгаллайди.
Биргина шу йилнинг январь –май ойларида икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 69,4 млн долларни ташкил этган. Шундан экспортнинг улуши 47,6 млн долларга тенг. 1 июнь ҳолатига кўра республикамизда Покистон инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони 163 тага етган. Шулардан 43 таси қўшма лойиҳа бўлса, 115 таси соф Покистон капитали асосида фаолият юритяпти.
Покистон Ислом Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд сўзга чиқар экан, Ўзбекистон-Покистон алоқалари ҳар иккала мамлакат учун ҳам муҳимлигини қайд этди. Унинг фикрича, Ўзбекистон товарлари Покистон орқали Индонезия, Малайзия ва Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатларига янада тезроқ ва кўпроқ экспорт қилиниши мумкин. Бенгази ва Қосим портлари эса ўзбек товарларини Яқин Шарқ ва Африкага етказишда муҳим воситага айланади. Ўз навбатида Покистонга Марказий Осиёда экспорт салоҳиятини намойиш этишда Ўзбекистон яқин ҳамкорга айланса не ажаб. Катта мақсад, юксак марралар иккала томоннинг муштарак манфаатлари учрашган манзил, транзит имкониятларидан кенг миқиёсида фойдаланишда акс этади.
Тадбир давомида Сардор Умурзоқов ва Абдул Раззоқ Довуд давлатлараро тузилган “Эркин савдо тўғрисида" шартнома хақида гапириб ўтишди. Ҳар икки томон учун ҳам унинг аҳамияти муҳим.
Ҳамкорлик йилдан йилга ошиб бораётганига қарамай, негадир ўзбек тадбиркорлари ҳамон Покистон иқтисодиётига йирик инвестициялар киритмаган. Покистон бош вазири маслаҳатчиси масалани ўртага ташлади ва тадбиркорларимизни юртига чорлади. Тан олиш керак, бу ўзбек тадбиркорлари учун катта имкониятлар эшигини очади. Зеро Покистон аҳолиси 220 млн кишини ташкил қилади. Покистонда жаҳон иқтисодиётидаги энг йирик ички бозор мавжуд. Мамлакатда тобора истеъмол товарларига эҳтиёж ошиб бормоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Покистон Ислом Республикаси Савдо-саноат палаталари федерацияси Президенти Миан Нассер Хайт Магго ҳам демографик вазиятга эътибор қаратиб, аҳоли сонининг ошиб бораётгани ўз-ўзидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ва айирбошлашда алоқаларни кенгайтиришни кун тартибига қўяётганини айтди. Мутасаддининг қайд этишича, мамлакатда пахтага талаб йилдан йилга ошиб боряпти. Демакки, икки текстиль саноати ўртасида алоқаларни кенгайтириш учун яхшигина имконят бор. Муҳокамалар жараёнида “Ўзтекстилсаноат” Ассоциацияси раиси томонидан Покистон текстиль компаниялари билан алоқаларни кенгайтириш таклифи илгари сурилди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2021 йилда 2.8 миллиард долларлик текстиль маҳсулотларини экспорт қилишни режалаштирган. Агар Покистон портлари орқали маҳсулотларни ЕИ ва АСЕАN мамлакатларига экспорт қилиш йўлга қўйилса, бу текстиль саноатининг рентабеллигини янада оширади.
Мутахассислар, Покистон билан манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлайди. Мамлакат товарларини экспорт қилиш, жаҳон бозорига тўғридан тўғри чиқиш имконияти пайдо бўлади деган фикрда.
Маълумот ўрнида, Покистон Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йилнинг 20 декабрида тан олган. Давлатлар ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 майдан бошлаб ўрнатилган. Покистоннинг Тошкентдаги элчихонаси 1992 йил июнь ойидан, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси эса 1994 йил июль ойидан бошлаб фаолият кўрсатиб келмоқда.
Жаҳонгир ҚЎЗИЕВ







