Ўзбекистон Президенти Қирғизистон иқтисодиёт ва молия вазирини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги халқаро конференцияда Қирғизистон делегациясига раҳбарлик қилаётган Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаровни қабул қилди.


Президент матбуот хизмати хабарида айтилишича, икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ақилбек Жапаров Ўзбекистон етакчисига Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
2021 йил март ойида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон—Қирғизистон саммитидаэришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларидаги устувор кооперация лойиҳаларини тез фурсатда амалга ошириш, қўшма инвестиция компанияси фаолиятини ташкил этиш муҳим экани таъкидланди.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев ушбу халқаро конференция доирасида Хитой ташқи ишлар вазири Ван Iни, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкарни, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеубердини, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилганди.







