Қондаги глюкоза миқдори организмга қандай таъсир кўрсатади?
Глюкоза — бу мушаклар ва мия фаолиятини таъминлайдиган «ёқилғи»дир. Организм одатдагидек ишлаётган бўлса, гормонал тизим шакар миқдорини доимий равишда ушлаб туради. Натижада тана қулай тарзда ишлайди - сиз ўқийсиз, ишлайсиз ёки қийинчиликсиз югурасиз.


Агар гормонал тизим бузилган бўлса, унда шакар даражаси аввал кўтарилади, кейин тушади. Натижада ўзингизни баъзан кучга тўлган, баъзида эса ҳолдан тойгандек ҳис қиласиз.
Агар сизда (дунёдаги 300 миллион одам каби) диабет касаллиги аниқланса, бундай ўзгаришлар юрак-қон томир касалликларига, буйраклар шикастланишига ва оёқ-қўллар увишишига олиб келиши мумкин.
Қандли диабетнинг олдини олишда кўп нарса овқатланиш ва турмуш тарзингизга боғлиқ. Ҳатто нисбатан соғлом овқатлар ҳам қондаги шакар миқдорининг кескин пасайишига олиб келиши мумкин.
Овқат глюкоза даражасига қандай таъсир қилади?
Айтайлик, сиз 100 калория истеъмол қилдингиз. Аммо глюкоза миқдорини ҳисобга олсангиз, жараён бироз мураккаблашади. Шоколадли печеньедан 100 калория, қовоқли курка гўштидан 100 калория танангизнинг шакар мувозанатига алоҳида-алоҳида таъсир қилади. Таркибида клетчатка, ёғ ва оқсиллар бўлган озиқ-овқат аста секин сўрилиб, глюкозани қонга чиқариб юборади.
Олий навли ун ва қайта ишланган маҳсулотлардан тайёрланган ширинликлар, пишириқлар деярли бир зумда сўрилиб, қонга зарарли дозаларни юборади.
Жуда кескин кўтаради
Ширинлик, пишириқ, торт, пончиклар. Аммо глюкоза даражасига зудлик билан таъсир қилиш учун озиқ-овқат ҳар доим ҳам ширин бўлиши шарт эмас. Қайта ишланган овқатлар ва оқ унли маҳсулотлар (макарон, нон, печене, пицца) ҳам худди шундай таъсирга эга.
Секин кўтаради
Сиз углеводлардан бутунлай воз кеча олмайсиз. Мураккаб углеводлар (масалан, сабзавот ёки дон таркибида) аста-секин сўрилиб, глюкозани қонга аста-секин чиқариб юборади. Аммо уларни жуда кўп истеъмол қилсангиз ҳам, улар қон шакарини сезиларли даражада ошириши мумкин, шунинг учун овқат миқдорини назорат қилишга ҳаракат қилинг. Мева таркибида ҳам кўп миқдордаги шакар мавжуд, аммо уларни тўлиқ истеъмол қилсангиз (пўсти билан бирга) ҳавотирланишга ҳожат йўқ: клетчаткалар шакар ўзлаштирилишини сусайтиради. Аммо мевали шарбат ичсангиз (ҳатто янги сиқилган бўлса ҳам), унда клетчаткалар бўлмайди ва шакар дарҳол сўрилади.
Барқарор даражани сақлайди
Клетчатка — танага сингиб кетмайдиган ва шакар даражасини оширмайдиган углеводларнинг махсус тури. Сабзавотлар таркибидаги углеводларнинг аксарияти клетчаткага тўғри келади, шунинг учун сабзавотларни истеъмол қилиш жуда муҳимдир. Протеин (масалан, товуқ ёки балиқда) ҳам деярли қон шакар даражасига таъсир қилмайди. Агар овқат таркибида углеводлар, оқсиллар, ёғлар ва клетчаткалар бўлса, қондаги шакар даражасини барқарор ушлаб туради.







