АФҒОНИСТОН: Мозори Шариф ва Жалолободнинг стратегик аҳамияти қандай?
15 август куни “Толибон” ҳаракати Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳрини эгаллагани маълум қилинди.

Бундан аввал Мозори Шарифда “Толибон” га қарши барча кучларнинг катта миқдорда қўшин ва ҳарбий техникалари тўпланган эди. Афғонистондаги икки йирик сиёсий арбоб– маршал Абдулрашид Дўстум ва генерал Атто Муҳаммад Нур шаҳарда мудофаа ишларига бошчилик қилиши режалаштирилган. Кўпчилик экспертлар айнан Мозори Шарифда урушнинг туб бурилиш нуқтаси содир бўлади деб таҳмин қилишган эди.
Бундан ташқари 15 август куни “Толибон” мамлакатдаги яна бир муҳим стратегик шаҳар-Жалолободни қўлга киритди. Мозори Шариф қулаганидан сўнг Жалолобод расмий ҳукумат назоратида турганкам сонли шаҳарлардан бири эди. Жалолобод эгалланганидан сўнг ҳукумат қўлида фақат Кобул ва бир неча шаҳарлар қолди, холос.
Ушбу йирик шаҳарлар “Толибон”га фақатгина ҳарбий-сиёсий устунликкина эмас, балки ўта муҳим иқтисодий устунликни ҳам тақдим этади. Масалан, Мозори Шариф Афғонистоннинг энг муҳим савдо ҳамкорларидан бири–Ўзбекистон билан чегарада жойлашган. Термиздан Мозори Шарифгача масофа 5 кмни ташкил этади. 2011 йилда ишга туширилган“Термиз-Мозори Шариф” темирйўли давлатлараро савдо алоқаларининг асосий бўғинини ташкил этади. Ўзбекистон ўз товарларини Мозори Шариф орқали бутун Афғонистонга тарқатади. Сабаби шаҳар энг муҳим иқтисодий марказлар–Кобул ва Ҳирот билан автомобиль йўли орқали боғланган. Мозори Шариф шунингдек минтақанинг энг йирик транспорт-логистик лойиҳаси бўлиши кутилаётган “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темирйўлининг бошланғич нуқтаси ҳисобланади.
Афғонистон-кўп миллатли давлат. Мозори Шариф Афғонистон ўзбеклари ва хазорийлари тўпланган йирик марказ. Бу “Толибон”нинг бошқа миллатлар билан алоқаларини мустаҳкамлашига ёрдам беради. Ушбу омил мамлакатда ҳокимият мустаҳкамлиги ва барқарорлик учун катта аҳамиятга эга.
Жалолобод ҳам стратегик нуқтада жойлашган. Энг аввало шаҳар Кобул йўлидага шаҳар эканлиги билан аҳамиятли. Пойтахтнинг Покистон йўналишидаги барча алоқалари Жалолобод орқали ўтади. “Толибон” стратегиясига эътибор берилса, у Кобулни барча тарафдан қамалга олиб келмоқда. Жалолободнинг эгалланиши билан Кобул тўрт тарафдан ўраб олинган дейиш мумкин.
Шаҳар муҳим транспорт ва савдо-тақсимот маркази ҳисобланади. Шу билан бирга ҳудди Мозори Шариф каби Жалолобод ҳам “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темирйўли устида жойлашган, темирйўл ишга туширилиши орқали Жалолободнинг мавқеи янада ошади. Бундан ташқари Афғонистон марказий вилоятлари, жумладан Кобулнинг таъминоти учун шаҳар катта аҳамиятга эга. Пойтахтни муҳим таъминот марказидан узиб қўйилиши “Толибон”ни янада кучайтирди.
Ушбу икки шаҳар эгалланиши ортидан “Толибон” расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид ҳаракат расмий Кобул билан музокараларга тайёрлигини маълум қилди. Эндиликда музокаралар бўлган тақдирда “Толибон” яққол устунликка эга, сабаби Мозори Шариф ва Жалолобод эгалланиши жангариларнинг йирик ҳарбий-сиёсий ғалабаси ҳисобланади.







