Франция махсус хизматлари Макронни эвакуация қилиш режасини ишлаб чиққан: махфий бункер бор
Франция махсус хизматлари 2027-йилги президентлик сайловлари даврида юз бериши мумкин бўлган тартибсизликларга тайёргарлик кўрмоқда.

Франция президенти Эммануэль Макрон оммавий тартибсизликлар ёки Елисей саройига ҳужум уюштирилган тақдирда Париж чеккасидаги махфий бункердан бошпана топиши мумкин. Президентни эвакуация қилиш режаси 2027-йилги сайловлар олдидан хавфсизлик чораларини кучайтириш доирасида ишлаб чиқилган. Бу ҳақда The Telegraph нашри журналистлар суриштируви асосида ёзмоқда.
Маълумотлар Пер Гастино, Антуан Изамбар ва Франк Рено муаллифлигидаги «Соялар янги армияси» (La Nouvelle Armée des Ombres) китобида келтирилган.
Муаллифларнинг ёзишича, Макронни эвакуация қилиш режалари 2018 йилда «Сариқ нимчалилар» намойишларидан кейин ишлаб чиқила бошланган. Ўшанда президент Ле-Пюи-ан-Веле шаҳрига ташрифи чоғида норозилик билдирган намойишчиларга дуч келган.
Франция махсус хизматлари 2027-йилги президентлик сайловлари даврида юз бериши мумкин бўлган оммавий тартибсизликлар, қўпорувчилик ҳаракатлари, киберҳужумлар ва қуролли қўзғолон сценарийларига тайёргарлик кўрмоқда.
Китоб муаллифлари билан суҳбатлашган манбаларга кўра, ўнг қанотдаги «Миллий бирлашув» партияси етакчиси Марин Ле Пен ғалаба қозонса, сўл радикаллар, шаҳар чеккаларида яшовчи ёшлар ва қишлоқ фаоллари сайлов натижаларига қарши намойишларга чиқиши мумкин. Сўл сиёсатчи Жан-Люк Меланшон ғалаба қозонган тақдирда эса полициянинг пассив қаршилик кўрсатиши эҳтимолидан хавотир билдирилмоқда.
Шунингдек, Париж полицияси эҳтимолий қўзғолонга қарши тайёргарлик машғулотларини ўтказган. Франция ташқи разведка хизмати сайловларга аралашув сценарийларини ўрганган, пойтахт полицияси эса кенг кўламли киберҳужум юз берган тақдирда 24 соат давомида шифрланган смартфонларсиз ишлашни машқ қилган.
Китобда Франция ва Бельгия хавфсизлик хизматлари ҳамда Frontex иштирокидаги машғулотлар ҳам тасвирланган. Уларда Жазоирдаги эҳтимолий ядровий авария, мигрантларнинг Европага оммавий оқими ва Россиянинг «соя флоти» билан боғлиқ киберҳужумлар сценарийлари синовдан ўтказилган.
Бундан ташқари, Франция махсус кучлари қуролли исён юз берган тақдирда парламентни ҳимоя қилиш режаларини ҳам ишлаб чиққан. Махсус хизматлар Совуқ уруш давридаги яширин қаршилик тармоқларининг айрим элементларини қайта тиклаш имкониятларини ҳам ўрганмоқда.
Айни пайтда махсус кучлар бўлинмасининг собиқ қўмондони мамлакат ичидаги тартибсизликларни бостиришда армиядан фойдаланиш хавфли эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, асосий таҳдид ҳокимиятнинг ўз аҳолисига қарши ҳарбий куч ишлатишни одатий ҳол деб қабул қила бошлашидир.








