Иммунитет кучли бўлса, турли хасталиклардан ҳимоялайди
Иммунитет кучли бўлса, турли хасталиклардан ҳимоялайди

Лекин баъзан атроф-муҳит ифлосланиши, доимий стресс ҳолатида юриш, етарли даражада мева-сабзавот, сут-қатиқ, гўшт каби маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, уйимиздаги электр жиҳозлар (телевизор, компютер, микротўлқинли печ) таратаётган зарарли тўлқинлар ва шу каби юзлаб омиллар иммун тизими ишининг кучсизланишига олиб келади.
Нотўғри овқатланиш
Томирдаги қон таркибида антитаначалар (иммуноглобулин) бўлиб, улар организмнинг ҳимоя воситаси саналади. Оқсилдан таркиб топган мазкур антитаначалар меъёрда ишлаб чиқарилиши учун таомномада гўшт, тухум, балиқ, сут-қатиқ, ёнғоқ каби маҳсулотлар етарлича бўлиши керак.
Сурункали стресс
Руҳиятдаги салбий ўзгаришлар таъсирига тушиб қолган организмда турли гормонлар ишлаб чиқарила бошлайди. Бу эса ҳар бир ҳужайра, тўқималарнинг биокимёвий баланс ўзгаришига олиб келади. Айрим турдаги гормонлар иммун тизимини ишғол қилиб, вирус ва бактериялар учун йўл очиб беради. Олимлар фикрича, узоқ давом этган стресс даврида қондаги лейкоцитлар миқдори кескин тушиб кетиши оқибатида иммун тизими заифлашиб қолади.
Сурункали уйқусизлик
Аксарият ҳолларда 8 соат уйқу меъёр ҳисобланишини унутиб қўямиз. Бир-икки кун озроқ ухлаган киши ўз-ўзидан мазкур тартибга мослашгандек кўринса-да, 5 кун кетма-кет давом этган уйқусизлик ёки етарлича уйқунинг бўлмаслиги иммун тизимида жиддий ўзгаришларни келтириб чиқаради.
Тез-тез касалланиш
Бу шифокор кўригига боришингиз учун дастлабки белги. Йил давомида 3-4 марта (болаларда 5-6 марта) шамоллаш, грипп ёки тумов билан оғрисангиз, билингки, иммунитетингиз кўмакка муҳтож.
Иммунитет фаолияти ҳақида умумий ҳолатингиздан келиб чиқиб ҳам билиб олишингиз мумкин. Бунинг учун кун давомида организм ва руҳиятингиздаги ўзгаришларга диққат қилинг. Ҳолсизлик, қувватсизлик, меҳнат унумдорлигининг пасайиши организм заифлашиб бораётганини билдириши мумкин. Бу ҳолатда шифокор маслаҳати асқотади.
Мафтуна Режаббoева







