Хоразмдан янги мотоцикл сотиб олган 29 ёшли ҳайдовчи ЙТҲга учраб, вафот этди
Хоразмдан мотоцикл сотиб олган қорақалпоғистонлик фуқаро йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» информацион дастурида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, амударёлик 29 ёшли фуқаро юк ташиш учун мўлжалланган мотоцикл сотиб олиш учун Хоразмга борган. Фуқаро мотоциклда қайтаётган вақтида бошқарувни йўқотган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган ҳайдовчи кўрсатилган тез ёрдамга қарамай, вафот этган.
Мутахассисларнинг фикрича, авария йўлларнинг нотекислиги сабаб юзага келган.
«Мазкур йўлда йўл чизиқлари ўчиб кетгани, бир қанча нотекисликлар борлиги ва буни кўрсатувчи йўл белгилари йўқлиги аниқланди», — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ЙҲХБ инспектори Элбек Ражабов.
Аввалроқ, Сурхондарёда "КамАЗ" "Lacetti" билан тўқнашгани ва унда 1 киши вафот этгани айтилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.







