Ургутда 1 килограмм “опий” сотаётган аёл ушланди
Жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. У қай турда, ким томонидан содир этилишидан қатъий назар қонун олидида бирдек жавобгар.


21 август куни Самарқанд вилояти ИИБ жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари Ургут туманида тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида Мирзабоғлон-Чеп маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган Т.И. исмли аёл 18 минг АҚШ доллари эвазига А. исмли шахсга 1 килограмм 240 оғирликдаги “опий” гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида ИИБ ходимлари томонидан далилий ашёлар билан ушланди.
Шу куни гиёҳвандлик моддасини олиб чиқишда Т.И.га яқиндан ёрдам берган Ш.О. ҳам ушланди.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ китоблик аёлнинг хонадонидан катта миқдорда “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги топилгани ҳамда фарғоналик фуқаро томорқасида гиёҳванд модда етиштираётгани ҳақида хабар берилганди.







