Ошпазлар ҳаётидан сўзловчи бу фильмлар сизни бефарқ қолдирмайди
Таом тайёрлаш ва фильм яратиш бир бирига ҳамоҳанг. Қандай дейсизми? Ҳар иккиси ҳам аниқ "сценарий" асосида ишланади. Ошпазликка алоқадор инсонлар ҳаётидан сўзловчи фильмларнинг режиссёрлари ҳам шу фикрда. Қуйида тақдим этилаётган рўйхат сизга ёрқин таасуротлар беришига ишонамиз.

«Шоколад» Буюк Британия, 2000 йил

Қиш кунларининг бирида Франциянинг сокин шаҳарчасида Виенн Роше исмли аёл пайдо бўлади. Орадан кўп ўтмай у ноодатий қандолат, яъни шоколад дўконини очади. Янги таъм мижозларнинг ҳеч бирини бефарқ қолдирмайди. Доимий харидорлар қатори ташриф буюрувчилар сони кундан кунга ортади. Виенн ҳар бир инсоннинг шоколад борасидаги дидини аниқ биларди. Аммо ўзи ҳаётдан нимани исташига келганида эса… Рошенинг ҳаётида Ру пайдо бўлганида барчаси ўзгарди. Мелодрама ихлосмандлари фильмни ўзларига ёқадиган шоколад билан томоша қилишлари тавсия этилади.
«Ҳаёт лаззати» АҚШ, 2007 йил

Кейт Армстронг ресторанлардан бирида бош ошпаз. У ошхонада ўзини олий қўмондон каби тутади. Сўзсиз итоаткорликни талаб қилади. Ёлғиз аёл бутун ҳаётини севимли ишига бағишлаган. Аммо кунлардан бирида барчаси ўзгарди. Кутилмаганда унининг ҳаётида фожиа юз бериб, синглиси автоҳалокатда вафот этади. 8 ёшли жияни Зоя Кейтнинг қарамоғига ўтади. Ресторан ошхонасида ишлай бошлаган Ник Палмер билан ҳам келишиши осон бўлмайди. Кейт охир оқибат кескин қарор қабул қилишга мажбур бўлади. Ишдаги ишқ мавзуси қизиқ бўлса фильм айнан сиз учун.
Джули ва Джулия: бахтни рецептга кўра тайёрлаймиз АҚШ, 2009 йил

Жулия Пауэлл ёш ёзувчи ва call-марказларидан бирининг оператори. Ишдан бироз чалғиш мақсадида ўз олдига Жулия Чайлднинг «Француз ошхонаси санъатини ўрганиб» номли китобидаги 524 та рецептни 365 кун мобайнида тайёрлашни мақсад қилиб қўяди. Фильм нафақат таомлар ҳақида балки аёлнинг жамиятдаги ўрни, унинг ривожланишга ва ўз устида ишлашга бўлган интилиши ҳақида сўзлайди. Агар ҳаётингизни ўзгартиришни, унга янгиликлар киритишни истаётган бўлсангиз ҳамда кучли мотивацияга эҳтиёжингиз бўлса фильм айни муддао.
“Президент учун ошпаз” Франция, 2012 йил

Ҳақиқий гурманлар учун тасалли берувчи, президент ошпазининг ҳаётига бағишланган ажойиб фильм. Ҳикоя республика президентининг шахсий ошпази бўлиш шарафига сазовор бўлган вилоят ошпази Ҳортенсе Лаборие ҳақида ҳикоя қилади. У осонлик билан мамлакат президенти ошқозонига йўл топади. Аммо қароргоҳдаги фитналарга қарши туришга аёлнинг сабри етиши қийин кечади.
«Ғилдиракдаги ошпаз» АҚШ, 2014 йил

Карл Каспер Лос-Анжелесдаги машҳур ресторанлардан бирида ошпаз эди. Фильм сюжети мазкур қаҳрамон атрофида айланади. Карл ишини йўқотгач ўз ошхонасини очишга қарор қилади. Автомобилни ошхонага айлантирар экан оиласи билан муносабатларини яхшилашни ва турли манзиллардаги инсонлар билан танишиб янгидан-янги рецептларни кашф қилишни режалаштиради. Сайёҳликка қизиқадиганлар мазкур фильмни мароқ билан томоша қилишларига шубҳа қилмасак ҳам бўлади.







