Мактаб олдида пичоқли ҳужум: 8 нафар ўқувчи жароҳатланди
15 ёшли қиз мактабга кираётган ўқувчиларга пичоқ билан ҳужум қилган.

Истанбулнинг Башакшеҳир туманида мактаб олдида пичоқли ҳужум содир бўлиб, 8 нафар ўқувчи жароҳатланди.
Воқеа Шайх Шомил Имом Ҳатип ўрта мактаби олдида юз берган. Маълум қилинишича, бошқа мактабда таҳсил оладиган 15 ёшли қиз мактабга кираётган ўқувчиларга пичоқ билан ҳужум қилган. Ҳужум оқибатида 8 нафар ўқувчи жароҳатланган.
Улардан бирининг аҳволи оғир, яна икки нафарининг ҳолати ўртача-оғир деб баҳоланмоқда. Жароҳатланганлар шифохонага олиб кетилган.
Ҳодиса вақтида мактабнинг аёл қўриқчиси ҳужум қилган қизни ушлаб, зарарсизлантирган. Шундан сўнг 15 ёшли гумондор полиция томонидан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан тергов бошланди. Шунингдек, иш бўйича ОАВ ва ижтимоий тармоқларда хабар тарқатишга вақтинча тақиқ қўйилди.








