Пахта терими пули вақтида тўланмаган: теримчиларга қарийб 9 млрд ундириб берилди
Давлат меҳнат инспекцияси ҳудудларда мониторинг ўтказди.

Пахта йиғим-терими мавсумида теримчиларга ўз вақтида тўланмаган маблағ ундириб берилди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси маълум қилди.
Инспекция 2–4 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида мониторинг ўтказган.
Текширувлар давомида теримчиларга меҳнат ҳақи ўз вақтида тўланмагани аниқланган ва жами 8 миллиард 833 миллион сўм терим пули ундириб берилган.
Давлат меҳнат инспекцияси пахта йиғим-терими мавсумида меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги юзасидан мониторингларни давом эттиради.








