Қарийб 100кг.га яқин гиёҳванд модда яширинча олиб кирилишининг олди олинди
Божхона ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларини божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишига қарши тезкор чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Сариосиё” чегара божхона постига жорий йилнинг 25 август куни тунги соат 3.30 ларда қўшни давлат фуқароси бошқарувидаги “Merсedes-Benz” русумли юк автотранспорт воситаси кириб келади. Ҳайдовчи ҳужжатларда кўрсатилганидек, автотранспорт воситасига 20 тонна оғирликдаги ип калава юкланганини маълум қилади.
Аммо, божхона кўригидан ўтказилганида, тиркаманинг олд томони пастки қисмига жами 93 дона полиэтилен ўрамлар яширилгани фош қилинди.
Мазкур ўрамлардан яшил ва қизил ранглардаги 82 та ўрамга 85 кг. 505 гр. оғирликдаги “героин” ҳамда 11 дона сариқ рангли ўрамга 11 кг. 425 гр. оғирликдаги гашиш гиёҳвандлик воситаси жойланганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Таъкидлаш жоизки, республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 300 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолатларида оғирлиги 260 кг.дан зиёд гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.







