Байрам дастурхони қаерда ва қандай тайёрланади?
Ҳар бир миллатнинг ўзига хос, ҳеч кимникига ўхшамайдиган миллий ва маданий қадриятлари, анъаналари, урф-одатлари бўлади. Миллий таомлар ҳам ана шулар сирасига киради.


Ўзбеклар табиатан меҳмондўст халқ саналади. Буни унинг дастурхонидан ҳам дарров билса бўлади. Меҳмон кўрки — дастурхон, деган халқ нақли бежиз пайдо бўлмаган. Сархил мева ва сабзавотлар, мазали таом ва уй пишириқлари, иссиқ тандир нонлар, оғизда эрийдиган сомса, сут-қатиқ маҳсулотлари дастурхонимиз кўркидир. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда гастрономик саёҳатни ривожлантириш имкониятлари кўплигидан далолат беради. Сиз бу ерда нафақат ноёб ва мазали таомлар таъмини туясиз, балки шарқона меҳмондўстликка ҳам гувоҳ бўласиз.
Қашқадарё тандири

Бутун дунёга машҳур тандир кабоб воҳанинг ўзига хос гастрономик бренди ҳисобланади. Айнан шу таом ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада оширишнинг асосий омилларидан биридир. У байрамлар, тўй-ҳашамларда дастурхонга тансиқ таом сифатида тортилади. Бошқа ҳудудларда тайёрланган тандир гўшти таъми Қашқадарёникига ўхшамайди. У ўзининг нафақат таъми, балки кўриниши билан ҳам бошқа ҳудудларникидан фарқ қилади. Бу ерда тандир гўшти маромига етказиб пиширилади. Шу сабабли Қашқадарёга кўплар тандир гўшти тановул қилиш учун ҳам келади.
Жиззах сомсаси

Жиззах сомсаси Ўзбекистонда энг йирик ва хуштаъм сомса саналади: у “қипчоқ сомса” деб ҳам аталади. “Баҳорда илигинг қуриса, Қипчоққа бор” деган ибора ана шундан келиб чиққан.
Машҳур фоодблогер Марк Уинс Ўзбекистон ҳақидаги навбатдаги видеосида Жиззах сомсасини татиб кўриб, мазасига юқори баҳо берганига кўпчилик гувоҳ бўлган.
Ғиждувон кабоби

Қўрада пишаётган мазали гўштнинг кўча бўйлаб тараладиган ҳиди ҳаммага таниш. Ўзбекистонда гўшт жуда хуш кўрилади ва кўп истеъмол қилинади. Лекин кабоб тайёрлашда Бухороликларга тенг келадигани йўқ. Айниқса, ғиждувонликлар тайёрлайдиган Ғиждувон кабоби ўзининг мазаси билан деярли ҳамма ҳудуд хўрандалари эътиборини тортган. Шу боис Ғиждувон кабобларини бугунги кунда Ўзбекистоннинг барча ҳудудидан топиш мумкин.
Тошкент норини

Норин асосан Тошкентда кенг тарқалган миллий таом ҳисобланади. У бугунги кунда меҳмонлар учун икки хил — биринчи (ҳўл норин) ва иккинчи (қуруқ норин) сифатида тортилади. Норин шоҳона таом бўлиб, тайёрланиши анча мураккаб. У, айниқса, совуқ кунларда кўп истеъмол қилинади. Уни тайёрлашда от гўшти ишлатилади.
Хоразм тухумбараги

Тухумбарак Хоразм шевасида “юмуртабарак”, деб аталади. У, айниқса, Хоразм ва Қорақалпоғистонда тансиқ таом ҳисобланади. Уни қон босими юқори бўлганларга истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Чунки у фойдали ва қувватбахш таомдир.
Водий палови

Палов ўзбек миллий таомларининг султони саналади. Ўзбекистон , хусусан, Фарғона водийсига бориб ҳақиқий ўзбек паловини татиб кўрмаган меҳмон ўзбек маданияти моҳияти ва меҳмондўстлигини англамаган ҳисобланади.
Озода Чориева тайёрлади.







