Месси доим формада бўлиш учун танлаган 5 маҳсулоти билан танишинг
Месси, аслида, пицца ва қовурилган гўшт ихлосманди. Организмидаги ўзгаришларни ҳис қилмагунига қадар спортчи бу таомларга содиқ эди. Бироқ, ҳатто, ўйин давомида ҳам кузатилиши бошланган кўнгил айниши каби ёқимсиз ҳолат саломатликка жиддий эътибор бериш зарурлигини кўрсатди. Бунинг учун “чап оёқлар афсунгари”га мутахассислар “кўмакка келди”.


Парҳезшунослар унинг саломатлигидаги ўзгаришларни ва мушакларини турли таҳлиллар орқали ўрганиб чиқишди. Шу тариқа Месси 2013 йилда ўз таомномасини ўзгартирди. Хусусан, мол гўшти, паста ва газли ичимликлар ичиш қатъиян ман этилди.
Эндиликда,
1. Сув;
2. Сифатли зайтун мойи;
3. Дуккакли маҳсулотлар;
4. Сархил мева ва сабзавотлар;
5. Турли ёнғоқлар спортчининг доимий ҳамроҳи.
Ҳозирда Лео туз ва шакарнинг яқинига ҳам йўламайди. Гўшт ва оқ нонни камайтирган.
Ўйиндан 10 кун олдин кунига уч марта оқсилли коктейль ичади. Қонни суюлтиришга ёрдам бергани учун шўрвани маъқул кўради. Ўзини тетик ҳис этиши учун денгиз ҳайвонлари ёки товуқ гўшти истеъмол қилади. Ўйиндан олдин углеводларга бой таомлардан тийилиб туради.

Маълумот ўрнида, Лионель Месси 1987 йилнинг 24 июнида таваллуд топган. Аргентина терма жамоаси сардори. Испания чемпионати тарихидаги “Энг яхши тўпурар”. У барча даврларнинг энг яхши футболчиларидан бири сифатида эътироф этилади. Месси дунё футбол оламида 6 карра “Олтин тўп” олган ягона чарм тўп устаси. Спортчи жорий йилнинг 11 август куни “PSJ” га ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ у парижликлар сафида йилига 41 миллион евро маош олиши ҳақида хабар берилганди.







