Тарихий шахслар номи билан аталган 5 машҳур таом
Жуда кўп маҳсулот ва таомларга жой номлари берилган. Масалан, Москва пироги, Киев котлети, Бразилия кофеси, Кавказ кабоби, Фарғона палови, Тошкент норини ва ҳоказо. Шунингдек, уларга шаҳар ва мамлакатлар номи берилганига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.


Хусусан, тарихий шахслар номи билан аталадиган егуликлар ҳам бор. Улар номи ва мазалилиги билан бугунги кунда гастрономия дурдонаси саналади. Бугун сизнинг эътиборингизга уларнинг бир нечтасини тақдим этамиз.
“Маргарита пиццаси”

Маргарита — дунёдаги энг машҳур пиццалардан. Унинг ўзига хос тарихи бор. 1889 йилда Италия қироли Умберто II ва унинг рафиқаси Савоя қироличаси Маргарита Неаполга ташриф буюради. Улар оч қолгач, оддий одамлар нима еяётгани билан қизиқади. Шунда уларга бир оила моцарелла, помидор ва райҳонли нон пишириб беради.
Оддий, лекин ниҳоятда мазали таом уларга ёқиб қолади. Шунда Маргарита таомга ўз номини беришга қарор қилади. Пицца ҳозиргача шу ном билан аталади.
“Маргарита пиццаси” тор доирада “ватанпарвар пицца” номи билан ҳам аталади. Чунки таом маҳсулотлари ранги Италия байроғини эслатади.
“Шарлотта” пироги

Шарлотта — севимли кузги ширинликлардан бири. Ҳамирдан тайёрланган олма пироги бутун дунёда машҳур бўлиб, унинг келиб чиқиши ва номланиши ҳақида турли фикрлар мавжуд. Маълумотларга қараганда, Британия қироли Жорж III ширинликларни жуда яхши кўрар, лекин уларнинг деярли ҳаммаси италияликлар, французлар ва немисларники эканини ҳазм қилолмасди. У британча ширинлик ҳам бўлишини жуда хоҳлайди. Бир куни ошпаз монархни хурсанд қилиш мақсадида у истаган мазали пирог тайёрлашга ҳаракат қилади. Ширинлик қиролга ёқади. У қирол рафиқаси шарафига Шарлотта, деб номланади.
Француз қироллик креми

Маълумотларга қараганда, “Наполеон” торти турли номга эга. Масалан, Франция ва Италияда "1000 қатлам", Буюк Британияда "қаймоқли бўлак", Венгрияда "Француз қироллик креми", деб аталади.
Лекин у ўз замонавий номини 1912 йилда Россияда, Наполеон Бонапарт устидан қозонилган ғалабанинг 100 йиллигига бағишланган тантанада олган. Янги торт учбурчак шаклида тайёрланган бўлиб, у Наполеоннинг машҳур хўрозсимон шапкасини эслатади.
“Цезар” салатини Рим императорга қандай алоқаси борми?

Салат номини эшитган киши уни Рим императори Юлий Цезар билан алоқаси бор, деб ўйлаши, шубҳасиз. Лекин унинг император Цезар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Салатнинг ҳақиқий ихтирочиси итальян-америкалик ошпаз Цезар Кардини саналади.
Маълумотларга қараганда, ошпаз бу салатни 1924 йил 4 июль, АҚШ Мустақиллик кунида ихтиро қилган. Ўша куни унинг ресторани харидорлар билан тўлади. Натижада ресторанда озиқ-овқат тугаб қолади. Шунда ошпаз шошилинч тарзда таом тайёрлайди ва уни ўз номи билан атаб, мижозларга тарқатади. Қизиғи шундаки, иложсизликдан шошилинч тайёрланган ушбу таом мижозларга жуда ёқади. Таом довруғи кейинчалик бутун дунёга тарқалади.
“Сендвич” номи инглиз дипломати Жон Монтег билан боғлиқ

Маълумотларга кўра, у қиморбоз бўлган. Бир ўтиришда 24 соат қимор ўйнаган. Кунларнинг бирида қимор ўйнаётиб, жуда оч қолади. Шунда бар ошпазидан нонни иккига бўлиб, ичига қовурилган мол гўшти солиб келишини сўрайди. Сўнг бар ошпазлари ўз таомномасига бу таомни киритади. Шу тариқа ушбу таом бутун Англия бўйлаб оммалаша бошлайди.
Озода Чориева







