Ўзбекистон ва Россия бош прокурорлари ўртасида меморандум имзоланди
Қайд этилишича, Бош прокуратура биносида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Россия Федерацияси Бош прокурори Игорь Краснов билан учрашган.


Учрашувда Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари серқирра ва динамик тавсифга эгалигини қайд этди.
Шунингдек, Россия делегацияси вакилларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон прокуратура органларининг фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупцияга қарши кураш соҳаларида тажриба алмашиш, прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Россия Федерацияси Бош прокуратураси ўртасида илм-фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ҳамда 2021-2023 йилларга мўлжалланган идоралараро ҳамкорлик Дастури имзоланди.

Ушбу ҳужжатларнинг амалда татбиқ этилиши ҳуқуқий соҳада ахборот ва илғор тажриба алмашиш орқали икки томонлама шерикликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида Ниғматилла Йўлдошев Игорь Красновга ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик изҳор қилди ва “Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирлади.
Аввалроқ Россия ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган меморандум муҳожирликдаги болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ҳамда Фарғона вилояти делегациясининг Қирғизистонга сафари давомида икки томон ўртасида ўндан ортиқ шартнома имзолангани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







