Ўзбекистонда сайлов жараёнлари қандай кетмоқда?
Ўзбекистон президенти сайловларида овоз бериш жараёни бўлиб ўтмоқда. Маълумки, давлат раҳбари лавозимига 5 номзод даъвогарлик қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев Чилозор туманидаги 318-сайлов участкасида овоз берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 41-сайлов участкасида президентлик сайловида овоз берди.

Бош вазир Абдулла Арипов Тошкент шаҳридаги 520-сайлов участкасида овоз берди. Ҳукумат раҳбари сайлов участкасига оиласи билан ташриф буюрди.

Сенат раиси Танзила Норбоева 362-сайлов участкасида оила аъзолари билан бирга Президентлик сайловида овоз берди.


Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳридаги 16-сайлов участкасида овоз бериш жараёнида иштирок этди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентнинг Яккасарой туманида ташкил этилган 573-сайлов участкасига келиб, президент сайловида овоз берди.

Кинематография агентлигининг бош директори Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз берди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқанд шаҳридаги 12-сайлов участкасида овоз берди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов Бухоро шаҳар “Абдухолиқ Ғиждувоний” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 73-сайлов участкасида ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун ҳудудидаги 730-сайлов участкасига ташриф буюрди ва элу юртимиз равнақи, тараққиёти учун муносиб номзодга овоз берди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек тумани Алишер Навоий маҳалласидаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида иштирок этганди.
Бундан аввал Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродов, "Миллий тикланиш" демократик партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов ҳамда Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Мақсуда Ворисова Учтепа тумани 116-мактабдаги 206-сайлов участкасида овоз бергани ҳақида хабар берган эдик.
Шунингдек, Президентлик сайловларида номзодлар ҳам Тошкент шаҳридаги турли сайлов участкаларида овоз бериб бўлгани, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда 126 ёшли Хувайдо момо ўзи танлаган муносиб номзодга овоз бергани ҳақида хабар берилганди.







