Режеп Таййип Эрдоған Шавкат Мирзиёевни Президент сайловида эришган ғалабаси билан самимий қутлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди.


Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Туркия Президенти давлатимиз раҳбарини Президент сайловида эришган ғалабаси билан самимий муборакбод этиб, овоз бериш натижалари мамлакатимиз аҳолиси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётганини кўрсатганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Туркия Президенти ва бутун халқини ушбу мамлакатнинг яқинлашиб кетаёган бош миллий байрами – Республика куни билан илиқ қутлаб, тинчлик-осойишталик ва тинчлик-фаровонлик тилади.
Қайд этилишича, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва Туркий Кенгаш саммитига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.
Ўзаро савдони янада кўпайтириш, йирик инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтириш ва муҳим таълим дастурларини амалга ошириш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим экани қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлатимиз раҳбарини сайловдаги ғалабаси билан табриклаганди.
Бундан аввал МСК президент сайловларининг дастлабки натижаларини эълон қилгани ҳақида хабар берилганди.







