"Сайлов натижаларини тўла тан оламиз". Номзодлар Шавкат Мирзиёевни табриклади
Сайлов жараёнлари ортда қолди. Мағлуб партия номзодлари 80.1 фоиз овоз билан ғолиб бўлган Шавкат Мирзиёевни табриклади.

Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод бўлиб, якунда иккинчи ўринни эгаллаган Мақсуда Ворисова Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалаба билан қутлади.
- Биз буни халқимизнинг сиёсий иродасининг амалдаги ифодаси деб биламиз ва сайлов натижаларини тўла тўкис тан оламиз. Биз халқимизнинг ушбу танловини хурмат қиламиз ва қадрлаймиз, – деди Мақсуда Ворисова.
Шунингдек, “Миллий тикланиш” партиясидан Президентликка номзод сифатида кўрсатилган Алишер Қодиров ҳам сайлов якунлари бўйича ташкил этилган брифингда Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президенти лавозимига сайлангани билан табриклаган.
- Бу галги сайлов олдингиларидан тубдан фарқ қилганлигини такрор-такрор айтиб келяпмиз. Мазкур сайлов мен учун, албатта, катта бир ҳаёт мактаби бўлди. Биз жойларда одамлар билан очиқ мулоқот қилиб, ўзимизнинг фикрларимизни, ғояларимизни тушунтиришга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, бунга биз қайсидир маънода эришдик, – дейди Алишер Қодиров.
Шунингдек, Экологик партиядан Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов ҳам сайловни натижаларини халқимиз хоҳиш иродаси ҳамда танлови сифатида ҳурмат қилишини ва бу натижаларни тўлиғича тан олишини таъкидлаган.
- Фурсатдан фойдаланиб, сайловчиларнинг 80,1 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти юксак лавозимига сайланган Ўзбекистон тадбиркорлари ва ишбилармонлари ҳаракати – Либерал-демократик партиясидан номзод ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевни ўзим ва партиядошларим номидан чин дилдан табриклайман, - деди Нарзулло Обломуродов.
Бошқа партия раҳбарлари каби “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, партиядан сайловда номзод сифатида иштирок этган Баҳром Абдуҳалимов ҳам сайлов жараёнлари бўйича ўз фикрларини билдириб ўтган.
Партия раҳбари ушбу Президентлик сайлови илк бор Сайлов кодекси асосида ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятли бўлгани, тенглик, очиқлик ва ошкоралик, кўппартиявийлик, муқобиллик, кучли рақобат руҳида кечгани ҳақида гапирган.







