Замбуруғли тери касалликлари куз мавсумида авж олади
Шахсий гигиенага риоя қилмаслик турли касалликларни келтириб чиқаради.

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Илҳом Раҳимов ССВ расмий сайтида замбуруғлар сабаб одам организимида пайдо бўладиган касалликлар ҳақида маълумот берди.
Мутахассисининг айтишича,оёқларнинг анатомик нуқсонлари (ясситовонлик ёки оёқлар ораси бурмаларининг торлиги), баъзи ҳолларда ноқулай ва ҳаво ўтказмайдиган синтетик пойабзалларни кийиш, оёқларнинг узоқ вақт ноқулай шароитда бўлиши замбуруғли касалликлар пайдо бўлиши учун қулайлик яратади. Оёқ микози билан оғриган беморлар ва замбуруғлар билан зарарланган буюмлар касаллик манбаи ҳисобланади. Касаллик асосан шахсий гигиенага аҳамият бермайдиган кишиларга юқади.
— Оёқ панжаси кўп терлаши, ишлаб чиқариш омилларининг таъсири, қон-томир ва эндокрин тизимида учрайдиган патологик ўзгаришлар, онкологик ва иммунтанқислик билан кечувчи касалликлар оёқ микози ва бошқа замбуруғли касалликлар ривожланишига қулай шароит туғдиради. Касаллик бошланишида тери қичишади, қизариши мумкин, қуруқлашади, қипиқчалар юзага келади ёки сувсирайди ва аниқ чегараланган доғлар пайдо бўлади. Касаллик даволанмаса, вақт ўтиши билан қўл ёки оёқ тирноқ пластинкаларига ўтиши мумкин. Бунда тирноқ пластинкалари қалинлашади, уваланади, ранги ўзгаради, юзаси ғадир-будур бўлиб қолади, баъзи ҳолларда тирноқ пластинкаси кўчиши ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин.
Агар ушбу ҳолат даволанмаса, касаллик йиллаб давом этади ва бу давр ичида бемор замбуруғ инфекциясини бошқаларга юқтириши мумкин — дейди мутахассис.
Шунингдек, янги туғилган чақалоқларга кандида замбуруғлари кандидозли вульвовагинит билан оғриган бемор онадан туғилиш даврида ўтиши ёки она ва тиббиёт ходимларининг зарарланган қўллари орқали, яъни улар шахсий гигиенага риоя қилмагани сабабли болага касалликни юқтириб қўйишлари мумкин экани ҳақида ҳам маълумот берган.
Айни вақтда замонавий текширувлар орқали тери хасталиклари тезкорлик билан аниқланмоқда Шифокор назоратида қунт билан муолажа олинса, бемор дарддан ҳеч бир асоратсиз фориғ бўлади.
Бундан аввал болалар орасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари кўп учраётгани ҳамда Наманганда тиббиётни яхшилашга қаратилган режалар эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







