Ўзбекистон Президентининг инаугурация маросими — Жанубий Корея матбуоти нигоҳида
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди ва сайлов жараёнида у умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди.

Жанубий Кореянинг нуфузли нашрларидан бири - "The Korea Post' журналининг расмий веб-саҳифасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимига киришгани ҳақида мақола эълон қилинди.
"Дунё" ахборот агентлиги хабарига кўра, мақолада 6 ноябрь куни Тошкентда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тантанали маросимда Марказий сайлов комиссияси раиси Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномасини топширгани қайд этилди.
Таъкидланишича, шунингдек инаугурация маросимида Президент Шавкат Мирзиёевнинг келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақидаги нутқининг мазмун-моҳияти батафсил таҳлил қилинган.
"Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари" деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди, деб ёзади "The Korea Post".
Эслатиб ўтамиз, Оманда нашр этиладиган "Asdaa Oman" газетаси бош муҳаррири Али ал-Ҳасаний Ўзбекистон Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришишига бағишланган тантанали маросим ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашганди.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқи Жанубий Корея матбуоти, Туркияда нашр этиладиган "Yazar" газетаси саҳифасида “Ҳар бир инсон кўриши керак бўлган мамлакат: Беруний, Нақшбандий, Бухорий ва Термизийнинг диёри – ЎЗБЕКИСТОН”, Ҳиндистоннинг “Political Events” журнали саҳифасида “Янги Ўзбекистон замонавий ташқи сиёсатининг халқаро-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда” сарлавҳали мақола ҳамда Саудия Арабистонининг етакчи нашрларидан бири бўлган "Al-Muashshir al-Iqtisadiy" газетасида "Ўзбекистон 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловига тайёргарлик кўрмоқда" номли мақола чоп этилгани ҳақида хабар берилганди.







