Шавкат Мирзиёев Туркияга ташриф буюради
Давлатимиз раҳбари ташрифи дастурида Истанбул шаҳрида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Истанбул шаҳрида ўтказиладиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун 11-12 ноябрь кунлари Туркия Республикасида ташриф билан бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бўлажак олий даражадаги учрашув кун тартибидан Кенгаш доирасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
Саммит якунида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва устувор йўналишларда кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йилда ушбу тузилмага аъзо мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш мақсадида тузилган.
Бугунги кунда Кенгашга Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо. Мамлакатимиз ташкилотга 2019 йилда қўшилди. Венгрия Туркий кенгашда кузатувчи мақомига эга.
Эслатиб ўтамиз, келгуси ойда Боку шаҳрида Ўзбекистоннинг миллий саноат кўргазмаси ўтказилади. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев АҚШ конгрессменларини қабул қилгани, Туркия Республикаси Президенти билан телефон орқали мулоқот қилгани, Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилгани ҳамда Германия Федерал Канцлери Ангела Меркель билан телефон орқали суҳбатлашгани ҳақида хабар берилганди.







