Туркияда “Ўзбек киноси куни” бўлиб ўтди
8-12 ноябрь кунлари Туркияда бўлиб ўтаётган “Korkut ata” халқаро кинофестивалида таниқли ўзбек киноижодкорлари ҳам иштирок этмоқда.


Кинофестивалда Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган режиссёр Али Ҳамраевнинг “Халқ жасорати”, Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Илҳақ” фильмлари ҳам намойиш этилди.

Кинематография агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, кинофестиваль дастурида “Ўзбек киноси куни” ташкил этилди. Қайд этилишича, аввал “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали ҳақида видео ролик тақдим этилди.
Табрик учун Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Туркия Республикаси Маданият ва Туризм вазири ўринбосари Аҳмет Демиркан сўзга чиқишди.
Таъкидланишича, кечада ўзбек миллий куй-қўшиқлари ва рақслари янгради. Маданий тадбир байрам тантанага айланиб кетди. Таниқли ўзбек кино ва эстрада юлдузларининг чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Сўнгра, Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган режиссёр Рашид Маликовнинг “Тутқунлик” фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Кечада ўзбек киноижодкорлари, Туркиядаги ватандошларимиз ва маҳаллий аҳоли ҳам иштирок этишди.

Маълумот учун: 11 ноябрдан Туркия миллий телеканалларида кинофестивалда намойиш этилган ўзбек фильмларининг ТВ премьералари ҳам бошланди.

Эслатиб ўтамиз, Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Ахмет Мисбах "Коркут Атa” фестивали бошқа туркий давлатларда ҳам ўтказилишини маълум қилганди.
Аввалроқ Туркия ва Сурияда “Чегара” бадиий фильмини суратга олиш ишлари бошлангани, Мирзо Улуғбек ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилгани ҳамда Ўзбекистон кинематография агентлиги Россия, Тожикистон, Қозоғистон давлатлари билан келишувга эришгани ҳақида хабар берилганди.







