Пахта ва ғалладан бўшайдиган 200 минг гектар майдоннинг 80 минг гектари аҳолига берилади — Президент
Келгуси йилда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш борасида кўриладиган қатор чора-тадбирлар тўғрисида маълум қилинди.

- оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 триллион сўм берилади;
- пахта ва ғалладан бўшайдиган 200 минг гектар майдоннинг 80 минг гектари аҳолига берилади;
- мева-сабзавот лойиҳаларига 100 миллион доллар ва мева-сабзавот кластерларига 2 триллион сўм ресурс йўналтирилади;
- аҳоли бандлигини таъминлашда 500 минг гектардан зиёд томорқалардан самарали фойдаланиш учун келгуси йилда 100 миллион доллар йўналтирилади;
- аҳоли томорқасида деҳқончиликни йўлга қўйиш учун банклар томонидан 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар берилади.
Ҳоким ёрдамчилари бу имкониятлардан тўғри фойдаланиб, томорқаси бўлган хонадонларда 100 та парранда, 20 та қуён, 5-6 та қўй ва эчки, камида 5-10 та курка, 5 та асалари уялари боқилишини ташкил этишга кўмаклашиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган дастурлар ҳамда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтиши ҳақида хабар қилгандик.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари "бугунги кунга қадар шаклланган дастур лойиҳалари эскича қолипда тайёрланган ва бирортасида “эга-кесим” йўқ, бирорта вилоят ҳокими буни ўзидан ўтказмаган", — дея таъкидлаганди.







