Тошкент вилоятида террорчи ташкилот аъзолари ушланди
Улар Суриядаги жангариларга ёрдам бериш мақсадида моддий маблағлар тўплаган.

Тошкент тумани ҳудудида “Катиба Тавҳид вал-Жиҳод” террорчи ташкилотнинг яширин жамоати аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент туманида “КТЖ” террористик ташкилотининг яширин жамоати аъзолари мазкур ташкилот ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланиб келаётганликлари аниқланди.
Улар жамоат бўлиб шаклланишлари давомида, турли диний экстремистик ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари ҳисобланган "Абдуллоҳ Зуфар" ва "Содиқ Самарқандий"нинг аудио ва видео маърузаларини тарқатган ҳолда сафларини кенгайтириш билан шуғулланишган.
Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда “Халифалик” давлатини қурмоқчи бўлган 12 нафар шахс, Сирдарё ва Сурхондарёда террорчилик ташкилоти аъзолари, Чинозда "Жиҳодчилар"нинг 10 нафари, Тошкент вилоятида экстремистик фаолият билан шуғулланиб келган 27 киши қўлга олингани ҳамда Қўқонда "Жиҳодчилар" оқими тарафдорлари фаолиятига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.







