Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи якунланди
Президент ташриф якунида Нур-Султондаги Рақамли ҳукумат офиси билан танишди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин ҳамроҳлигида Нур-Султон шаҳридаги ЭХПО ишбилармонлик марказида жойлашган Рақамли ҳукумат офисига ташриф буюрди. Бу хақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд етилишича, ушбу муассаса жорий йил сентябрь ойида очилган. Унинг таркибига Миллий таҳлил маркази, Рақамли трансформасия маркази ва Миллий лойиҳа офиси киради.
Ташриф давомида ички ва ташқи савдо бўйича таҳлилий платформа имкониятлари намойиш қилинди. Унинг ёрдамида озиқ-овқат нархларини онлайн равишда мониторинг қилиш ва нарх-навонинг прогноз кўрсаткичларини шакллантириш мумкин. Бундан ташқари, офис негизида инновациялар ва аэрокосмик саноат соҳаларидаги лойиҳалар ишга туширилади.
“Давлатимиз раҳбари ситуацион марказ имкониятлари билан ҳам танишди. Марказ барча маълумотлар базаларига уланади ва ҳудудлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади, бу эса реал вазиятни онлайн равишда кўриш, масалан, мамлакатда эмлаш суръатлари тўғрисидаги маълумотларни кузатиб бориш имконини беради”, - дейилади хабарда
Офис мутасаддиси Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш, ИТ-парклар ташкил этиш, дастурчилар тайёрлаш, давлат хизматларини онлайн кўрсатиш бўйича қилинаётган ишларни эътироф этиб, Қозоғистон ҳам шу йўлдан бораётганини айтиб ўтган.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи якунланди.








