Ўзбекистон энг жадал юқорилаган мамлакатлар топ 10 талигига кирди
Айни дамда бўлаётган Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида Танзила Норбоева нуфузли халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрни яхшиланганини айтди.

Хусусан, иқтисодий эркинлик индексида мамлакатимиз 44 поғона юқорилаб, 108-ўринни эгаллади. Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 14 поғона юқорилаб 85-ўринга кўтарилди. Ўзбекистон бу борада энг яхши натижа кўрсатган 3 та давлатдан бирига айланди. Глобал инновацион индексда Ўзбекистон 7 поғонага кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86-ўринни эгаллади ва энг жадал юқорилаган мамлакатлар топ 10 талигига кирди.
Танзила Норбоева Сенат қўмиталари фаолиятини танқид қилди
Мажлисда жойлардаги айрим сенаторлар ўзлари мансуб қўмиталардан узилиб қолаётгани, ҳудудлардаги муаммоларни парламентга кўтариб чиқишда сусткашликка йўл қўяётгани таъкидланди. Фаолият давомида парламент назорати институтидан самарали фойдаланиш, ҳар жабҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш муҳимлигига эътибор қаратиш лозимлиги айтилди.
Сенат раиси Танзила Норбоева ҳудудлардаги сенаторлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиши, мажлисбозликни камайтириб, амалий ишларга ўтиши зарурлигини қайд этди. Сенат қўмиталари ва сенаторлар маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамда доимий комиссиялари билан ҳамкорликни кучайтириб, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси давом этмоқда.







