Фарзанд талашаётган юлдузлар: Рухшона ва Санжарнинг яқин тарихидаги низолар нимадан бошланган?
Хонанда Рухшона ва режиссёр-клипмейкер Санжар Маткаримов 2014 йилнинг 2 ноябрь куни турмуш қуришганди.

Айни кунларда уларнинг оиласида рўй бераётган муаммолар ва турли воқеалар оммага ижтимоий тармоқдаги саҳифаларда тез-тез эълон қилинмоқда.
Ўтган йили сентябрь ойининг бошида Санжар Маткаримов рафиқаси Рухшона ўз фамилиясини ўзгартириб, телефон рақамини ўзининг номига расмийлаштириб олганини билдирганди.
Бу ҳақда у ўзининг Instagram’ саҳифаси орқали эълон қилди.

Санжар Маткаримовнинг сўзларидан тушуниш мумкинки, рақамни қайта расмийлаштириш жараёнида унинг ўзи шахсан иштирок этмаган.
Октябрь ойларида эса хонанда Рухшона турмуш ўртоғи Санжар Маткаримов билан ажрашганини маълум қилди.
Рухшонанинг мухлислари ундан турмуш ўртоғи Санжар Маткаримов билан ажрашгани рост ёки ёлғон эканлиги ҳақида сўрашган. Хонанда эса бунинг ҳақиқат эканини айтиб, келгусида ярашиш нияти йўқлигини маълум қилган.
Унинг айтишича, айни вақтда жуфтликнинг фарзандлари онаси билан бирга. Аммо ажримдан кейин Санжар Маткаримов бир муддат давомида болаларни Рухшонага бермаган.

Хонанданинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи унга мушт туширган ва калтаклаган. Оиланинг бузилишига асосий сабаб рашк эканлиги маълум бўлган. Шунингдек, Рухшона ажримдан кейин ўзига келиш учун Яратгандан туну-кун куч-қувват сўраганини айтиб ўтган.
Хонанда бундан кейин Санжар Маткаримов режиссёрлик қиладиган “Бола тилидан” кўрсатувида ҳам бошловчилик қилмаслигини айтганди.
Санжар Маткаримов фарзандларини олиб кетишга келган. Бироқ болалар отаси билан кетишни хоҳлашмаган.

Навбатдаги ажрим судидан сўнг Руҳшона Instagram’ саҳифасига қатор “история”лар қўйди. Унда собиқ турмуш ўртоғи Санжар Маткаримов фарзандларини олиб кетишга келгани, аммо болалар отаси билан кетишни хоҳлашмаган ва уларни мажбурлаб олиб кетаётгани тасвирланган.
Бундан ташқари, тасвирларда Санжар Маткаримовнинг онаси ҳам ўша ерда экани ва ўз набираларини чақирса ҳам келмаганини кўриш мумкин.
Хонанда Рухшона ажрим судига фарзандалрнинг ота билан учрашув вақтини қисқартириб беришини ҳам сўраган. Ушбу постлар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, орадан бир кун ўтиб, режиссёр Санжар Маткаримовнинг учинчи маротаба оила қуриши ҳақида миш-мишалр тарқалди. Бундай миш-мишларга ойдинлик киритган клипмейкер болаларига хат қолдирди:
Рухшона бу ҳолат бўйича видео давомида ўз фикрларини билдирган.
“Азиз фарзандларим!
Худо берганларим Ҳабиба ва Шукурбек мен отангиз Санжар Маткаримов, гулдек оиламизнинг барбод бўлишига сабаб бўлган гуноҳкор ўша отангизман. Сизларнинг бахтингиз учун ҳар қандай ҳаёт зарбаларига бардош бера оламан деб ўйлабман, афсус, сотқинлик ва хиёнатдек иллат манаман деган эркакнинг шўрини сўндириб, ғурурини букиб қўяр экан!
Шундаям ҳаммасини кечириб бир оила бўлиб яшашга рози эдим. Афсус, ким учундир оила қўрғони саналган маскан, бошқа ким учундир темир қафасга айланиб қолган экан. Лекин мен онангизни ёмон демайман. У жуда яхши она, афсус, оиламизнинг бузилишида биз иккаламиз сизларни олдингизда баравар айбдормиз. Бироқ мен бошқа, онангиз бошқа оила қурганимизда ҳам, сизларни яхши кўришдан тўхтамаймиз. Қачонлардир шу хатимни ўқиганингизда мендан ўпкаламанг! Аксинча, дуо қилинг! Бизни яратган буюк зотни эсланг! Уни режалари чуқур. Бизларга шу тақдирни раво кўрибдими, демак, атаб қўйган совғалари бисёр.
Ота ва она фарзанднинг икки қаноти, қанот қоқиб учиш учун эса ҳар иккала қанот зарур. Шунинг учун асло мени ҳам, онангизни ҳам ёмон кўрманг! Чунки сизларни биз иккимизчалик ҳеч ким яхши кўролмайди ва сизлар учун жонини тикишга тайёр инсонлар фақатгина ота-онангиз бўлади. Катта бўлиб албатта, ҳамма ҳақиқатларни билиб оласиз. Мен бунинг ғамини еб қўйдим. Балки ўшанда мени тушуниб, кечиришга ҳаракат қиларсиз! Аллоҳ сизларни паноҳида асрасин, илоҳим солиҳ фарзандлар бўлиб улғайинг!
Мен ва бувижонингиз мана ярим йилдирки, сизларни кўриш, бағримизга босиш учун курашяпмиз ва албатта, курашишда давом этамиз, зеро ҳақиқат юзага чиқиши керак! Биламан, айни дамда сизлар юз бераётган воқеалардан саросимадасизлар. Бу ҳодисалар ёш бола тугул катталарни ҳам ақлдан оздиряпти. Устига-устак оилавий можароларимиз кенг ёйилиб, омма ҳукмига қолди. Майли, буниям бир ҳикмати бордир. Мана, кўрасиз, ҳали ҳаммаси ортда қолади.
Ҳабиба, жоним қизим, охирги саволинг ҳалигача ич-этимни емиради. Нима учун сен чизган суратдагидек яшай олмаслигимизнинг сабабларини вақти келиб, албатта, айтиб бераман. Иккалангизни баравар соғиниб қолувчи дадажонингиз, Санжар Маткаримов...

Чўлпоной Аҳмедова тайёрлади.







