Фарғонада “Ҳизб ут-таҳрир” тарғиботчиси қайта қўлга олинди
У муқаддам мазкур жинояти учун 10 йил жазо муддатини ўтаган.

Қўқон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти тарафдорининг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси хабар берди.
Мавжуд маълумотларга кўра, муқаддам “Ҳизб ут-Таҳрир” сафида фаолият олиб борганлиги учун 2000-2004 ва 2007-2013 йилларда жазо муддатини ўтаб чиққан 1979 йилда туғилган фуқаро жиноий фаолиятини тиклаб, Интернет тармоғининг “Facebook»” иловаси орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилиш ва шу йўл билан “таҳрирчилар” сафини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган.
У “Facebook”даги электрон манзили орқали виртуал дўстларига “Ҳизб ут-Таҳрир” ДЕТнинг аудио-видео материалларини, шунингдек ташкилотнинг фаол виртуал ёлловчиси ва тарғиботчиси “Махмуд Абдулмўмин” тахаллусли, 1980 йилда Қирғизистонда туғилган Холдаров Махмуджон Абдумаликовичнинг маърузаларини тарқатиб келганлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.








