Наманганда ҳоким ёрдамчиси пора билан ушланди
Мансабдор 15 минг долларга ер сотмоқчи бўлган.

Чуст туманида фуқарога фермер хўжалиги ер майдонини олиб бермоқчи бўлган ҳоким ёрдамчиси ва унинг шериклари ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси, “R. N.” фермер хўжалиги раҳбари ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, хўжаликнинг “Какликқўрғон” МФЙ ҳудудидаги 5,3 гектар ер майдонини фуқарога боғдорчилик ташкил этиш учун ажратиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига эса 15 минг АҚШ доллари сўралган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида юқоридаги шахслар олдиндан 1,5 минг АҚШ доллари ва 5,6 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








