Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди
15 апрель куни гендер тенгликни ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси биринчи мажлиси бўлиб ўтди

2022 йилнинг 15 апрель куни Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишларни жадаллаштириш мақсадида 2022 – 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди.
Шунингдек, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси тузилди. Ушбу комиссия тузилишидан мақсад – ушбу йўналишда ягона ёндашув асосида вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш. Комиссия асосий вазифалари қаторида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, гендер тенглик ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назоратни амалга оширади ҳамда мониторингини олиб боради.
Гендер тенгликни таъминлашнинг қуйи тизимгача йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий Кенгашларда ҳудудий комиссиялар ташкил этилиши белгиланди.
Шу билан бирга, Комиссия Миллий дастур ва уни амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда тегишли вазирлик ва идораларга, ҳудудларга кўмаклашади ва қатъий назорат ўрнатади.
Мажлисда, шунингдек, давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган дастур лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда давлат бошқарувида хотин-қизлар улуши 27 фоизни ташкил этмоқда. Раҳбарлик лавозимларида ишлаётган хотин-қизлар улуши эса 10 фоизга ҳам етмайди.
Бу борада раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастури ишлаб чиқилди. Эндиликда мазкур дастур асосида ҳар йили камида 100 нафар хотин-қиз Давлат бошқаруви академиясида ўқитилади.
Комиссия мажлисида 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ижросига ҳам эътибор қаратилди. Дастурда ижро муддати келган бандлар бўйича масъул вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.







