25 апрель — Бутунжаҳон безгакка қарши кураш куни
Безгак касаллиги билан ҳар йили ер юзида 200-300 миллион нафардан кўпроқ инсон касалланади

ЖССТнинг 2007 йил май ойда бўлиб ўтган 60-сессияси қарорига кўра, дунё бўйича ҳар йили 25 апрель — Бутун Жаҳон безгакка қарши кураш куни сифатида нишонланади. 2019 йилдан буён ушбу кун “Безгакни йўқотиш мендан бошланади” (Zero malaria starts with me) шиори остида нишонлаб келинмоқда.
Мазкур сана безгак касаллигини юқтириш хавфи, безгак бўйича нохуш ҳудудларга чиқишда шахсий ҳимоя чоралари ҳақида хабардор қилиш, безгакни даволаш мумкинлиги ва аҳолига профилактика чораларини кўриш зарурлигини тушунтириш мақсадида эълон қилинган.
Безгак паразитлари бемор одам қонида бўлиб, фақатгина қон таҳлиллари микроскопда текширилгандагина аниқланиши мумкин. Безгак – ўлимга олиб келувчи хавфли касаллик бўлиб, ҳар йили минглаб инсонлар ушбу касалликка чалинадилар ҳамда тропик ва субтропик давлатларга бориб келган шахсларда касалликни юқтириб олиш ҳолатлари кузатилади. ЖССТ маълумотига кўра, 2020 йилда дунёнинг деярли ярим аҳолиси безгак хавфи остида экани маълум бўлди – дунё бўйлаб 241 миллион аҳоли безгак билан касалланган ва улардан 627 минг нафари вафот этган.







