Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантациясига рухсат этилади
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг ўтган йилги мажлисида кўриб чиқилган эди.

Ўзбекистонда энди тирик донор ёки инсон мурдасидан олинган аъзолари трансплантациясига рухсат берилади. Бу “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун билан белгилаб қўйилди.
Мазкур ҳужжат инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Тирик донор ёки инсон мурдасидан олинган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация объектлари бўлиши мумкинлиги Қонунда исботини топган. Уларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Сунъий равишда етиштирилган аъзолар трансплантация объектлари бўлмайди. Шунингдек, қонуннинг амал қилиши:
- инсоннинг кўпайишига тааллуқли бўлган аъзолар ва тўқималарнинг трансплантациясига;
- аъзолар ва тўқималарнинг аутоген (бир шахснинг ўзи тирик донор ва реципиент бўлади) трансплантациясига;
- қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Маълумот ўрнида, Ушбу Қонун лойиҳаси 2021 йил 2 ноябрдаги Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилган эди.







