0

Ногирон фарзанди бор аёлга осон эмас

Шифохонада она мурғак гўдагини силтаб, ураётгани акс этган видео кечадан бери кун мавзусида.

Ногирон фарзанди бор аёлга осон эмас

 

“Қашқадарё аҳли” телеграм каналида мазкур видеога билдирилган изоҳлар орасида бир фикр канал админининг эътиборига тушгани боис уни скреншот қилиб, каналга жойлади. Изоҳда “Самарқандлик аёл боласини ваҳшийларча уряпти экан. Унга фарзанд керак эмас экан, илтимос менга олиб беринглар, мен 17 йилдан бери фарзандсизман”, дейилган.


Мавзуни муҳокама қилаётганларнинг аксарияти  – аёллар. Улар ўз жисму жонидан яралган жигарбандига бундай муносабатда бўлаётган онани қораламоқда. Аммо...


Халқимиз танганинг иккинчи томонини кўрмай хулоса қилишга одатланиб қолган. Изоҳни ёзган кузатувчи видеодаги боланинг ногиронлигини биладими?  Хўш, шундай бўлса, болани боқиб олиш фикридан қайтмайдими?


Агар у ўзини видеодаги аёлнинг ўрнига қўйиб кўрганда эди, фарзандининг касаллигини кўрган онанинг қалб оғриқларини оз бўлса-да ҳис қилган бўлармиди?


Билишимизча, 2020 йилда туғилган чақалоққа болалар церебрал фалажи ташхиси қўйилган. Бу бош мияни ҳомиладорлик ва туғуруқ вақтида жароҳатланиши ёки ривожланмай қолиши ҳисобига келиб чиқадиган касалликлар гурухидир. 


Маълум бўлишича, эр-хотин вақтини, топганини шу норасида фарзанди учун сарфлар экан. Бола касаллиги боис салкам 20 кундан бери деярли ухламаган. Кунларию тунларини бедор ўтказган онаизор кучли чарчоқ ва стресслар гирдобида қолган.


Хўш, болалар церебрал фалажи қандай касаллик? Бемор болалар бу жараён қандай кечади?


“Болалар церебрал фалажи—бу бош миянинг қайтарилмас органик ўзгаришларидан келиб чиқадиган асорати ҳисобланиб, у бош мия зарарланишига қараб ҳар хил ҳолатлар ва клиник белгилар билан кечади. Ушбу касалликнинг енгил, ўрта ва жуда оғир клиник белгилар билан кечадиган шакллари ҳам бор, улар болаларда ҳаракатларни чеклашдан ташқари, жуда кучли безовталик, талваса хуружлари, ҳам жисмонан, ҳам руҳий безовталикни пайдо қилади.

 

Бош мия фалажи касаллиги билан оғриган болаларнинг оналари буни жуда яхши тушунишади, бундай болалар доимий равишда безовта бўлиб туради, тез-тез касалликка чалинишади. Шунингдек, бола талваса хуружини ўтказиши, қайт қилиши ёки тиришиб қолиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, мия фалажида бола тинимсиз, ҳатто 24 соатгача безовта бўлиб, унинг умуман ухламаслик ҳолати ҳам кузатилади.


Мурожаатчиларнинг аксарияти фарзандини безовталик ҳолатида олиб келишади.  24 соат  ухламаган, жуда инжиқ бўлиб қолган болани биз энди симптоматик даволашга ҳаракат қиламиз. Касаллик батамом тузалиб кетмайди, бутун умр даволанишни талаб этади. Бундай беморнинг нафақат онаси, балки, бутун оила аъзолари, қайнона-қайнотаси, ҳатто отасининг психологиясида ҳам нотинчлик ҳолати кузатилади.


Болалар церебрал фалажи билан оғриган боланинг оиласи нафақат психик, балки моддий томондан ҳам жуда кўп қийинчиликларга дуч келади, бу ерда оила ўртасида руҳий мувозанатнинг бузилиш ҳолатлари рўй беради.  Шундай экан, буларнинг барчасига биргина онанинг дош бериши жуда қийин. Боиси, ҳар хил оилалар бор. Баъзи оилалар бу касалликни тушунади, баъзилари эса йўқ. Шундай ҳолатда энг катта зарба барибир беморнинг онасига бўлади.

 

Бежизга халқимиз “Касал касал эмас, касалга қараган касал”,  деб айтмайди. Шунинг учун ҳам кўплаб оналаримиз мурожаат қилиб келишганида, уларнинг кўпчилигида руҳий нотинчлик, асабийлашиш, жуда кучли невропсихологик ўзгаришларга гувоҳ бўламиз”, — дейди Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази неврология бўлим мудири Дилноза Собирова.

 

Биз аёлни оқламоқчи эмасмиз. Онани қоралаётганлар аввал унинг ҳаётида яшаб кўриш керак. 

 


Шу онани кечирайлик!


Мавзуга журналист, блогердан тортиб кўпчилик зиёли қатлам вакиллари ҳам муносабат билдирган. Хусусан, журналист Назокат Азим ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида онани кечиришликни сўраган.


“Дўстлар, қай бирингиз мен боламни урмаганман дея оласиз? Ишонаманки, унақалар ичимизда саноқли. Мен кўп йиллар аёллар жамоасида, зиёли, ўқиган, уққан аёллар ичида  ишлаганман, аммо боламга умримда қўл кўтармаганман, деган бирор аёлни учратмаганман. Соппа-соғ, ширингина, кичик ютуқлари билан қувонтиришга қодир болаларимизни урганмиз. Бу онанинг боласи, ногирон экан, 20 кундан бери ухламай, тинимсиз йиғларкан. Шу аёлга наҳот раҳм қила олмасак? Бу видео ногирон фарзандарни тарбия қилаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини мукаммаллаштириш кераклигини англатувчи бир қўнғироқ деб қабул қилсак, менимча, ҳаммага фойда бўлади. Шу аёлни тергов, суд қилиш кимга наф беради? 


Ўзини раҳмдил, исонпарвар кўрсатиб, бу аёлни ҳайвондан олиб, яна бир нималарга солаётганлар, билдик меҳрли эканингизни, бўлди энди!


Шу ўринда ногирон бола тарбия қилиб, меҳр кўрсастаётган оналарни мисол қилиб кўрсатишибди. Улар кўп, худога шукр! Аммо... ДЦП фарзанди борлигини бутун умр ҳаммадан беркитадиган, ҳатто маҳалладагилар уларнинг борлигини билмайдиган ўзига тўқ оилалар бор. Ҳар йили бир неча маротаба хорижларга оиласи билан дам олишга чиқадиган, лекин шу сафарларга бирор марта ногирон фарзандини олиб бормаган бадавлат оилалар бор. Қариндошлар, ёру дўстлар келса, ногирон фарзандини меҳмонхонага чиқармайдиган элу юрт танийдиган, машхур оилалар бор. Тўрт девор атрофида ўтирган бу болаларнинг аҳволи қандайлигини ҳеч ким билмайди.


Шу видеони кўришим билан ёшлигимдаги бир воқеа эсимга тушди. Вилоятдан келганларникидан, биласизлар, меҳмон аримайди. Бир куни қишлоқдан ойимни қариндошлари кўпчилик бўлиб келишди. Улар орасида эмизикли аёл ҳам бор эди. Ойим чақалоқни кўриб, ёшини сўрадилар, кейин яхши боқолмабсан деб, қариндошларига танбеҳ бердилар. Ойим табиийки, меҳмонларга овқат қилиш билан овора бўлдилар, мен ҳам атрофларида ўралашиб юрдим..

 

У пайтлари ёғ доғ қилиб ишлатиларди, ошхонани эшигини ёпиб қўйдилар. Мени шу ёғни ҳиди кўнглимни беҳузур қиларди, шунга ташқарига чиқсам,  меҳмон аёл чақалоғини йўлакда тинчлантиришга уринаётган экан. У мени кўрмади ё кичкина, деб аҳамият бермадими, ҳеч тинчигиси келмаётган болани юзига бир неча марта тарсаки туширди. Мен анграйиб қолдим. Индамай ошхонага қайтдим. Онам ошхонани шамоллатиб бўлган эканлар, меҳмонимизни чақириб, болангга мана буни берчи, деб олдига манний бўтқасини қўйдилар. Ош қилаётиб, шу болани ўйлаб каша ҳам пиширган эканлар. Бола шу кашани еди-ю, тинчланди. Бироздан кейин ухлаб қолди”, — дея изоҳ қолдирган журналист.

 

Афсуски, онанинг азоблари судда кўрилмайди


Шунингдек, журналист Ҳусниддин Бердиев ҳам бу воқеани четдан туриб, жим кузатолмади. 


“Рўзғордаги етишмовчиликлар, бунинг ортидан пайдо бўлаётган оиладаги доимий можаролар, болаларни орзу ҳавас билан паркларга, боғ-роғларга етаклаб бориш имконияти йўқлиги, ҳатто кечаси эр-хотин ётганда бир челакда иссиқ сув тайёрлашнинг азоби, ўтин, тезак, таппи тутуни, телевизордан ҳар куни аёлларга яратилаётган шароитларни кўриб туриб улар ўзининг ҳаётига етиб келмаслигини ҳис этиш азоби, телевизорда ҳар куни тиббиётдаги улкан ислоҳотларни кўрса-да шифохонада оддийгина ухлатиш учун болалар кароватининг йўқлиги, иссиқдан димиқиб ўзини қўярга жой топа олмаслиги... бу чексиз азобларнинг ҳаммаси йиғилиб, бунинг аламини гўдакнинг йиғиси “портлатиб” юборган.


Тўғри, бу қийинчиликларнинг ҳаммаси йиғилиб келганда ҳам ўзини ҳимоя қила олмайдиган гўдакка қўл кўтаришни оқлай олмайди. Лекин бор гап шуки, ана шу азоблар билан яшашга маҳкум бу аёл. Энди эса у гарданига жиноятчи деган тамғани ҳам илади. Чунки қонунларда, жиноят кодексида у аёл тортиб келаётган азоблар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган, у нарсалар судда кўрилмайди...

 

Гўдакка қўл кўтаргани эса, шубҳасиз, жиноят. Лекин бу жиноятни аёлнинг битта ўзи қилаётгани йўқ. Эри, яқинлари, атрофдагилар, болалар тиббиёти учун ажратилаётган миллиардлаб пулларни ўғирлаётган амалдорлар, бутун жамият шерик бу жиноятга. Марҳамат, агар одил суд қила олсангиз, ўша жиноятчининг шерикларини ҳам олиб келинг суд майдонига!”— дейди журналист.


Бизга, шунчаки, она ва боланинг бу ҳолатини билиб (билмай) видеога олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатдан одам қизиқ?


Бу муҳокама қиладиган мавзу эмас!


Муаллифлар: Баҳринисо Мадумарова,

Гўзалой Абдуллаева

custom img

Қўқондаги уйда ҳам портлаш юз берди. Қурбон бор

Портлаш оқибатида 4 киши шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

custom img

Хилола Умарова вазир ўринбосари ва университет ректори лавозимига тайинланди

Шу муносабат билан Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилди.

custom img

Рамазон ойидаги хайрия тадбирларига 1 триллион сўм ажратилади

Ажратилган маблағлар эҳтиёжманд оилалар, кексалар ва ногиронлиги бор шахсларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

custom img

Шайхонтоҳур туманида хонадонда ёнғин содир бўлди

Қутқарув техникалари ҳодиса жойига уч дақиқада етиб борган бўлиб, ҳозирда ёнғинни ўчириш ишлари давом этмоқда.

custom img

Рамазон ойи 19 февралдан бошланади

Шавкат Мирзиёев “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

custom img

Андижон шаҳар ҳокими калтаклангани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Элёрбек Каримов ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни ёлғон деб атади.

custom img

Ўзбекистоннинг “Мирзо Улуғбек” сунъий йўлдоши 2028 йилда учирилиши мумкин

Шавкат Мирзиёев биринчи миллий космонавтни тайёрлаш ва илмий сунъий йўлдош яратиш режалари билан танишди.

custom img

Тошкентда кўп қаватли уйнинг асосий таянч девори бузилгани аниқланди

Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"

Ногирон фарзанди бор аёлга осон эмас