Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасига янги бошқарма қўшилди
Ташкил этилган бошқарманинг мақсад ва вазифалари белгилаб олинди

Маданият, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм, гуманитар алоқалар соҳаларида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида Маданий-гуманитар алоқалар, туризм ва спорт масалалари бошқармаси ташкил этилди.
Янги бўлинма Ўзбекистон Республикасининг белгиланган йўналишлар бўйича ташқи сиёсий вазифаларини амалга ошириш, сивилизацияларнинг глобал мулоқотида Ўзбекистоннинг фаол позициясини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикасининг ижобий имиджини илгари суришда мувофиқлаштирувчи ўрин тутади. Хорижий музей фондлари, архивлари ва коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистоннинг миллий маданий ва илмий меросларини излаб топиш, қайтариш, шу жумладан асл нусъҳаларнинг дубликатларини олиш орқали қайтаришда иштирок этади. Ўзбек тили, маданияти, тарихи, адабиётини хорижда ўрганиш ва тақдим этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашади. Бошқарма ваколатига кирувчи йўналишлар бўйича талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, олий ўқув юртлари ўртасида ва академик шартномалар ҳамда меморандумлар тузиш чораларини кўради.
Янги бошқарма фаолиятида “юмшоқ куч”, халқ, маданий ва спорт дипломатияси воситаларидан кенг фойдаланишга устувор аҳамият берилади.
2022-йил 1-июлдан вазирнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Анвар Абдураҳимович Абдухалимов бир вақтнинг ўзида Маданий-гуманитар алоқалар, туризм ва спорт масалалари бошқармаси бошқарма бошлиғи этиб тайинланди







