ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар саноат вазирлари Тошкентда йиғилади
Унда ташкилотга аъзо давлатлар вазирлари ШҲТ мамлакатлари ишбилармон доиралари ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури лойиҳаси маъқулланади.

Эртага Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар саноат вазирлари йиғилиши ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатларнинг Саноат сиёсати бўйича Кенгашининг ВИИИ йиғилиши бўлиб ўтади.
Тадбирларда Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон саноат вазирлари, Беларус, Россия, Қозоғистон, Хитой тармоқ вазирларининг ўринбосарлари, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Илҳомжон Нематов, шунингдек, Россия ва Қозоғистон ишбилармон доиралари вакиллари қатнашади.
Йиғилиш ШҲТ ва МДҲ доирасида саноатни ривожлантириш, кооперация асосида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги технологияларни жорий этиш, моддий ва молиявий ресурсларни жалб қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва саноат маҳсулотларини диверсификация қилиш бўйича ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва кенгайтириш масалалари муҳокамасига бағишланади.
Учрашувлар чоғида ШҲТ ва МДҲ га аъзо давлатлар саноатини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар тасдиқланиши кутилмоқда.
Хусусан, Шанхай ташкилотига аъзо давлатлар вазирлари ШҲТ мамлакатлари ишбилармон доиралари ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури лойиҳасини маъқуллайдилар. Мазкур ҳужжат Ташкилотнинг Самарқанд саммити кун тартибига тасдиқлаш учун киритилади.







