Қозоғистон ва Қирғизистон Президентлари ҳам Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади
Улар давлат раҳбарига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта зафарлар тилашган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида Қозоғистон етакчиси Ўзбекистон раҳбарини таваллуд куни билан чин дилдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта зафарлар тилади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Савдо ва логистика, саноат ва агросаноат соҳаларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари даражасида яқиндан алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.
Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шу ҳафта Қирғизистонда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг самарали натижалари юксак баҳоланди.
Минтақада йирик инфратузилмавий лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга оширишни бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бугун Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Қирғизистон Президенти давлат раҳбарини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг кун тартибини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Икки мамлакат ҳукуматлари савдо шартномалари ва саноат кооперацияси битимларининг янги тўпламини, шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклигининг устувор йўналишлари бўйича бошқа икки томонлама ҳужжатларни тайёрлаши муҳимлиги қайд этилди.
Энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон етакчиси Қирғизистон Президентини жорий йил 20-21 июль кунлари Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади.








