Наманганда сув тошқинлари кузатилгани айтилди
Ҳолат юзасидан вилоят ФВБ маълумот берди.

Ижтимоий тармоқда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғида кучли ёмғир аралаш дўл ва сув тошқинлари кузатилгани, кўчалар сув билан тўлиб тошгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, бугун, 30 июль куни Янгиқўрғон туманининг айрим маҳаллаларида қисқа муддатли ёмғир аралаш дўл ёғиши кузатилган. Ҳозирда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда фавқулодда вазиятларда давлат қуйи тизимлари ходимлари жойига бориб, содир бўлиши мумкин бўлган сел сув тошқинини олдини олиш ва уни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
“Шу ўринда ушбу ҳудудлардаги дам олувчи фуқаролар билан суҳбатлашилиб, сойларга тушмасликлари юзасидан қўшимча йўриқномалар берилмоқда”, — дейилади хабарда.








