Тошкентда МИБ орқали кечиктирилган иш ҳақи ундирилди
Ижро ҳаракатлари натижасида қарздор томонидан ундирувчи собиқ ходим фойдасига жами 195 млн сўм тўлиқ тўлаб берилди.

Меҳнат муносабатларида иш ҳақининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши ходимнинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Иш берувчи томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ мажбуриятларнинг бажарилмаслиги эса ходимнинг моддий манфаатларига бевосита таъсир қилади.
Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими иш юритувида ана шундай меҳнат муносабатларидан келиб чиққан қарздорликни ундириш билан боғлиқ ижро иши мавжуд бўлган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2026 йил 16 мартдаги ижро варақасига асосан, қарздор “I.-M.” ДКдан ундирувчи А.Х. фойдасига жами 195 983 534 сўм маблағ ундириш белгиланган.
Ижро ҳужжати 2026 йил 8 апрель куни Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими давлат ижрочиси А.Карабаева иш юритувига келиб тушган ва шу куни қонунчиликда белгиланган тартибда ижро иши юритиш қўзғатилган.
Ижрони таъминлаш мақсадида қарздор ташкилотнинг молиявий ва мулкий ҳолати ўрганилиб, “МИБ-портал” электрон дастури орқали тегишли ташкилотларга сўровлар юборилган. Натижада қарздорга тегишли автотранспорт воситалари ва кўчмас мол-мулклар аниқланиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда бандлов чоралари қўлланилган.
Шунингдек, 2026 йил 24 апрель куни қарздор ташкилотнинг банк ҳисоб рақамларига банд солиниб, ижро ҳужжати талабларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган қонуний чоралар кўрилган.
Кўрилган ижро чоралари натижасида қарздор томонидан ундирувчи собиқ ходим фойдасига жами 195 983 534 сўм тўлиқ тўлаб берилди.
Шу тариқа ходимнинг кечиктирилган иш ҳақи билан боғлиқ компенсациялари, меҳнат муносабатлари бекор қилинишидаги кечикиш учун тўлов ҳамда маънавий зарар суммаси тўлиқ ундирилиб, унинг қонуний манфаатлари таъминланди.







