Мингдан зиёд маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилади
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Президентимизнинг тегишли Фармон ва қарорларида 2022 йилда 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника, шунингдек, 1 002 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиши белгиланган эди.
Вазирлик хабарида келтирилишча, Деҳқонобод туманининг Оқиртма маҳалласида 3,5 минг нафар аҳоли яшайди. Бироқ бу манзилдан ҳудуд поликиникасигача бўлган масофа 46 кмга тенг. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу боис, бирламчи тиббиёт тизимини халққа яқинлаштириш мақсадида жорий йил давомида 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиникани ишга тушириш режа қилинган.
Ҳозиргача шундан 76 та оилавий шифокор пункти ва 20 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилди. Лекин бу мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплай олмайди.
Шундан келиб чиқиб, йил якунига қадар 1002 та маҳалла тиббиёт пунктини ишга тушириш кўзда тутилган. Айни пайтда жойларда 505 та шундай муассаса аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Ҳомиладор аёллар, янги туғилган чақалоқлар ва тўшакка михланиб қолган беморлар патронажи, шунингдек, соғлом турмуш тарғиботи ушбу муассасалар томонидан олиб борилади
“Маҳалла тиббиёт пуктларида оилавий шифокор ва патронаж ҳамшираси томонидан қон босими ҳамда тана ҳароратини ўлчаш, зарур ҳолларда шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш, кўрсатмага мувофиқ вена ва мушак орасига инъекциялар юбориш каби бирламчи тиббий хизмат амалга оширилади. Шунингдек, бу ерда режага мувофиқ, болаларда эмлаш ишлари, аҳоли орасида кенг тарқалган эндокрин касалликларининг дастлабки скрининг тадбирлари амалга оширилади”, – дейилади хабарда.







