Президент: Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми
Шавкат Мирзиёев ШҲТга бағишланган мақоласида Афғонистон масаласига алоҳида тўхталди.

Президент ШҲТ доирасида шаклланган ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш муҳимлигини қайд этган. Давлат раҳбари Афғонистонни “ШҲТ маконининг ажралмас қисми” деб атаган.
“Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир”, – дейилади мақолада.
Бундан ташқари, Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини кўрсатиши зарурлиги таъкидланган.
“Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. Шуни ҳам англаш муҳимки, “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, биз ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин”, – деб қайд этган Президент.
Шавкат Мирзиёев афғон масаласида ўзаро позицияларни яқинлаштиришга ишонч билдирган. Унинг фикрича, шундагина том маънода барқарор ва изчил ривожланаётган, яхлит хавфсизликка эга бўлган ШҲТ маконини барпо этиш мумкин.







