Шавкат Мирзиёев Россия Президентига таъзия йўллади
Аввалроқ Россиядаги мактабда отишма содир бўлганди.

Президент Шавкат Мирзиёев Россиянинг Ижевск шаҳридаги мактабда содир бўлган отишма оқибатида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Президент Владимир Путинга таъзия йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатда шифо топишини тилаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун эрталаб Удмуртия пойтахти Ижевск шаҳрининг Пушкинская кўчасидаги 88-мактабда отишма юз берганди. Қора кийимда эркак мактабга дарс вақтида бостириб кириб, икки қўриқчини отиб ўлдирган, кейин эса болалар ва ўқитувчиларга қарата ўқ узган.
Ҳодиса оқибатда 13 нафар одам, шу жумладан, 7 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган. Бундан ташқари 14 нафар бола яраланган.








