Тиббиёт ходимлари бодикамера билан таъминланиши мумкин
Айни пайтда депутатлар соҳа ходимлари фаолиятига оид қонун лойиҳасини муҳокамадан ўтказишмоқда.

Ўзбекистонда тиббиёт ходимларини ҳам бодикамера билан таъминлаш таклиф этилди.
Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова қонунчиликка киритилаётган бу ўзгартишлар ҳақида фикр билдирган.
«Тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳолатлар жамиятимиздаги иллатлардан бирига айланиб бораётгани жуда ачинарли. Бунинг олдини олишда энг самарали йўл ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш, деб ҳисоблайман. Фикримча, башарти шахс айни вақтда жамоат тартибини бузаётгани ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганини ҳам яққол англаган бўлса, қилмиш безорилик сифатида квалификация қилиниши лозим», — деган депутат.
Шу мақсадда Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи нормасига жиноятнинг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир қилганини назарда тутувчи қўшимча банд киритиш кераклиги таъкидланган.
Ушбу бандда назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топилганлар уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлади.
“Ички ишлар органлари ходимларида ана шундай мосламалар мавжуд. Айни пайтда 3 минг нафарга яқин тиббиёт ходими мавжуд деб ҳисобласак, ушбу масалани ҳал қилиш катта маблағ талаб қилмаса керак. Аксинча, бу орқали фуқароларнинг ҳам, тиббиёт ходимининг ҳам масъулияти ошади, зўравонликларга барҳам берилади”, дея қўшимча қилган Қизилгул Қосимова.
Шу билан бирга, кўчада тез ёрдам машинасига йўл бермаслик ҳолатларига нисбатан ҳам жарималар ҳажмини кўпайтириш кераклиги, хусусан, тиббиёт ходими, тиббий ёрдам каби тушунчаларга таъриф берилиб, тиббиёт ходимлари фаолиятига аралашганлик қонунчиликда тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланиши зарурлиги таъкидланган.







