Андижонда оёғи комбайнга кириб кетган эркак реанимацияда вафот этди
Ҳозирда ҳолат бўйича текшириш ўтказилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида ётган бемор вафот этганлиги ҳақида хабарлар тарқалд. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.
Маълум бўлишича, 9 ноябрь куни Ш.Абдуқаҳҳоров Жалақудуқ туманида комбайнга оёқлари кириб кетиши оқибатида олган жароҳати туфайли жонлантириш бўлимига олиб келинган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бемор 10 ноябрь куни вафот этган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ИИБ Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлими келиб чиқиш сабабини тўлиқ ҳажмда ўрганиб чиқишлик учун судга оид комиссиявий экспертизаси тайинланган.
Бундан ташқари, меҳнат ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилган ёки этилмаганлиги ҳолати юзасидан Меҳнат хавфсизлиги экспертизаси тайинланган. Текшириш жараёни Андижон вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.








