ЕИ-Марказий Осиё муносабатлари: нима учун Брюссель минтақа давлатлари билан алоқаларга тобора кўпроқ эътибор беряпти?
Европа Иттифоқи Марказий Осиёда фаоллашмоқда: сўнгги икки ойда аввал Қозоғистонда, сўнг Самарқандда минтақа давлатлари ва ЕИ ўртасида йирик учрашувлар бўлди.

Европа Иттифоқи Марказий Осиёда фаоллашмоқда: сўнгги икки ойда аввал Қозоғистонда, сўнг Самарқандда минтақа давлатлари ва ЕИ ўртасида йирик учрашувлар бўлди.
“Кўҳна қитъа”нинг Марказий Осиёга қизиқиши тобора ортиб боряпти. Евроиттифоқ бош дипломати Жозеп Боррель бир неча чиқишларида минтақанинг улкан стратегик аҳамияти ҳақида гапирди.
“Узоқ асрлар давомида Марказий Осиё Узоқ Шарқни Европа билан боғлашда муҳим роль ўйнаган, хусусан, Буюк Ипак йўли орқали товарлар ва ғоялар турли йўналишларда тарқалган. Янги шарт-шароитлар фонида муносабатларни доимий равишда ривожлантириш ва янгилаб туриш керак. Ҳозирги кунда Марказий Осиё геостратегик ва геоиқтисодий воқеаларнинг марказида турибди”, – деб қайд этди жаноб Боррель Самарқандга ташрифи якуни бўйича берган баёнотида.
Мутахассисларнинг фикрича, Марказий Осиё бир неча омиллар туфайли ЕИ ташқи сиёсатида тобора устувор аҳамият касб этиб бормоқда.
Биринчидан, пандемиядан кейинги тикланиш ҳамда Россия-Украина можароси фонида Европа энергетик манбаларнинг барқарор етказиб берилишидан манфаатдор. Минтақа давлатлари углеводородларга бой. Узоқ вақт Европанинг асосий таъминотчиси бўлган РФ нефть-газ экспортини қисқартирди, Москва Осиё бозорларини забт этишга ҳаракат қиляпти. ЕИ ҳам Россия энергетик манбаларига тўлиқ санкция жорий этишни истисно этмаяпти. Натижада янги экспортёрларга эҳтиёж туғилди. Айрим кузатувчилар Қозоғистон ва Туркманистоннинг Каспий орқали Европага нефть ва газ экспортини йўлга қўйишини тахмин қилмоқда. Қозоғистон бу бўйича амалий ҳаракатларни аллақачон бошлаган.
Россия-Украина можароси ЕИнинг Осиё, биринчи навбатда Хитой билан савдосига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Маълумки, Пекин Евроиттифоқнинг энг асосий савдо ҳамкорларидан бири. Узоқ йиллар давомида Россия икки иқтисодий минтақани боғлайдиган асосий транзит давлати бўлиб келди. Эндиликда Брюссель янги транспорт коридорларини топишга мажбур. Бу йўналишда Марказий Осиё энг мақбул вариант сифатида кўрилмоқда: минтақа Каспий орқали Кавказга, у ердан Туркия орқали Европага чиқиши мумкин.
Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш масаласи бир неча бор юқори доираларда кўтарилди. Хусусан, Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитидаги нутқида ушбу транспорт коридорини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган эди.
ЕИга тўғридан тўғри чиқиш имконияти Марказий Осиё давлатлари манфаатларига ҳам жавоб беради. Бу дунёнинг энг тараққий топган қисмидаги бозорларга кириб бориш ва жаҳон иқтисодиётидаги мавқени мустаҳкамлаш имкониятини очади.
Иккинчидан, ЕИ бошқа куч марказлари билан глобал рақобатида Марказий Осиёга устуворлик бермоқда. Гап биринчи навбатда Россия ва Хитой ҳақида кетмоқда. Украина низоси Ғарбнинг Москва билан қарама-қаршилигини янада кескинлаштирди. Эндиликда РФ таъсири юқори бўлган минтақаларга кириб бориш жадаллашмоқда. Бунда Марказий Осиё алоҳида аҳамиятга эга. Россия ва Хитой бутун минтақанинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори.
Боррель Москва ва Пекиннинг минтақадаги мавқеини эътироф этган ҳолда, МО ташқи сиёсатининг бир тарафга боғланиб қолмаслиги зарурлигини алоҳида қайд этди. Европа биринчи навбатда иқтисодиёт, инвестициялар, савдо, технологиялар ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш орқали минтақа давлатлари билан алоқаларни янги босқичга кўтармоқчи ҳамда РФ ва ХХР таъсирини маълум даражада камайтирмоқчи.
Учинчидан, хавфсизлик, биринчи навбатда Афғонистондаги вазият ЕИнинг Марказий Осиё билан алоқаларини мустаҳкамлашини тақозо этади. Афғонистондаги барқарорлик ҳар икки минтақа учун муҳим. Афғон заминининг терроризм ўчоғига айланиши эса Евроиттифоқ ва Марказий Осиё учун бирдек хавфли.
Бундан ташқари, афғон халқига гуманитар ёрдам бериш масаласида ҳам ҳар икки томон позицияларини мувофиқлаштириш зарур. Шу маънода бу йўналишда биргаликдаги ҳаракатлар барчанинг манфаатларига жавоб беради.
Марказий Осиё янги тараққиёт босқичига чиқмоқда. Европа иттифоқи билан алоқаларни, биринчи навбатда иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш минтақанинг барқарор ривожланиши ва иқтисодий тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз.








