Нигерияда ҳарбий самолёт ботқоққа қулади: 25 киши ҳалок бўлди
Мамлакатда 3 кунлик миллий мотам эълон қилинди.

Нигериянинг Ондо штатида ҳарбий самолёт ботқоққа қулаб тушиши оқибатида 25 киши ҳалок бўлди. Мамлакат президенти Бола Тинубу муносабати билан уч кунлик миллий мотам эълон қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Дастлаб ҳалок бўлганлар сони 32 нафар деб хабар қилинган эди. Бироқ Нигерия Ҳарбий-ҳаво кучлари кейинчалик ҳалокатда беш нафар экипаж аъзоси ва 20 нафар йўловчи — жами 25 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Самолёт бортидаги 19 киши ҳарбий хизматчилар бўлган.
Расмийларга кўра, АТR-42 русумидаги самолёт душанба куни эрталаб Бенин-Сити шаҳридан Лагосга мунтазам парвоз қилаётган вақтда Игбокода ҳудудидаги ҳарбий-денгиз базаси яқинидаги ботқоққа қулаган. Самолёт сув остида қолган.
Воқеа жойидан кийим-кечак ва пойабзаллар топилгани, ҳудуддан эса тутун кўтарилгани хабар қилинди. Қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган.
Президент Бола Тинубу ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, ҳалокат сабабларини аниқлаш учун кенг қамровли тергов бошлашни топширди. Шунингдек, мамлакат бўйлаб давлат байроқларини ярим туширилган ҳолатда ўрнатиш ҳақида кўрсатма берди.
Мазкур ҳалокат 1992 йилдан буён Нигерияда ҳарбий самолёт иштирокидаги энг кўп одам ҳалок бўлган авиаҳалокат сифатида қайд этилди.
Маълумот учун, 2021 йил май ойида Нигерия армияси раҳбари генерал-лейтенант Иброҳим Аттаҳиру Кадуна штатида ҳарбий самолёт ҳалокатга учраши оқибатида яна 10 нафар зобит билан бирга ҳалок бўлган. Ўша йилнинг февралида эса Абужа шаҳрида ҳарбий самолёт ҳалокатга учраб, етти киши ҳалок бўлган.







