Тонг ёришмай мактабга кетаётган болалар, сирпанчиқ учаётган ўқитувчи, синфда ёлғиз ўтирган Кушербаевнинг ўғли...
Кутилмаганда бошланган дарслар мактабларда қандай кечмоқда?

Кеча, 10 январь куни кечқурун 22:00 ларда қатор вилоятларда жумладан Тошкент шаҳридаги айрим мактабларда ҳам 11 январдан дарслар бошланиши эълон қилинди. Кутилмаганда қабул қилинган қарор эса кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда.
Бугун, 11 январь куни ижтимоий тармоқларда дарслар бошланиши эълон қилинган мактабларда ўқувчилар дарсга келмагани айтилмоқда.
Масалан, Тошкентдаги мактабларнинг бирида синфда бир нафар ўқувчи дарсга келган.
"Бизга ҳам буйруқ беришади. Агар бирон нима десак, "ойлигингни олганингдан кейин ишлайсанда" дейишади. Бугун синфимда 1 нафар ўқувчи келибди", — деб ёзди ўқитувчилардан бири.
"Икки болага янги мавзуни қандай тушунтириш керак? Кейин, бошқа ўқувчилар келганидан кейин яна ҳаммага тушунтириш керакми? Бу шунчаки масхаравозлик", — дея пост қолдирган тошкентлик бошқа ўқитувчи.
Шунингдек, собиқ депутат Расул Кушербаев ҳам фарзандининг синфида фақат бир ўзи борганини маълум қилди.
"Бугун фарзандим синф бўйича дарсга борган ёлғиз ўқувчи бўлибди. Ўқитувчиси ва фарзандимдан бўлак бошқа ҳеч ким дарсга келмаган", — ёзган у.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда синфхоналарда хона ҳарорати 0 ҳам эмас -1 даражани кўрсатаётгани, совуқда болалар дарсга келмагани ўқитувчи ўзи билан ўзи саломлашаётгани, Андижондаги мактабларга ҳам жуда кам бола келгани, ўқитувчилар зерикканидан қорда сирпанаётгани акс этган фотосурат ва видеолар ҳам тарқалди.
Кутилмаганда қабул қилинган қарордан туни билан ўйланиб, бир тўхтамга келолмаган, вазият ўзгаришидан умидвор бўлган ота-она ва ўқитувчилар ҳам бўлди. Табиийки, бу мавзу “тренд”га чиқди. Бу кенг жамоатчилик томонидан муҳокама марказида бўлиб турибди.
“Ҳаммаси таълимдан бошланади ва… таълимда тугайди”
Блогер Азиза Қурбонова ўзининг телеграм каналида шундай ёзди:
“Тармоқда “тонггача мактабни исит”, “эртадан мактаб, тепадан давомат текширилади” каби шарманда-ю шармисор топшириқ-ёзишмалар болалай бошлади.
Бир қараганда ана хориж тажрибаси: мамлакат таълим менежментида марказлаштиришдан воз кечиб, ҳудудлар/таълим муассасаларининг ўзлари қачон иш бошлаш-бошламасликни ҳал қилганлари яхшидек туюлади. Лекин бизда доимгидек “энг яхшисини кутамиз ва… доимгидек бўлади”.
Тун ярмига оғганда маҳаллий ҳокимиятларга берилган танлов ҳуқуқи “бажарамиз” кампаниявозлигига айланиб кетди. “Мактабинг тайёрми, ўзинг танла” деса “йўқ, 6 миллион болани олдида сизлар уялмасангиз, мен мактабимдаги мингта боланинг олдида бу тутуриқсизликдан уяламан” дейдиган мард топилармиди? Йўқ, албатта.
Бажарамиз.
Ҳаммаси таълимдан бошланади ва… таълимда тугайди”.
Тошкент мактаблари гуруҳларини портлатган хабар
Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова кеча бунақа ҳавода ва шошилинчда барибир кўпчилик мактабга бормаслигини таъкидлади.
“Қанақасига кеч соат 23 га ўтганда “эрталабдан мактаб»деб эълон қилишади? Болалар ухлаб ҳам қолган айримлари, баъзилари чўмилмаган, яна айримларига бунақа совуқ ва қор учун кийим ҳам олинмагандир (таътил узайди, амаллаб турасан енгил курткангни дегандир).
Тошкент мактаблари гуруҳлари портлаяпти, ҳали Тошкентда расман ўқиш қачон бошланиши эълон қилинмади, лекин айрим мактаблар директорлари «эртадан ўқиш» деб гуруҳларга ёзиб бўлишди.
Эртага бунақа ҳавода бунақа шошилинчда барибир кўпчилик мактабга бормайди, қонун-тартиблар жимгина инкор қилинади. Одамлар нима қилсин, юқорида ўзи беқарорлик бўлса? Эрталаб тургунича ё мактабгача йўлнинг ярмига етганда ўқиш яна бекор бўпқоса-чи, бирпас кутайлик дейди.
Августдаги мактаб формаси билан бўлган ҳолат эсга тушяпти. Болалар буни кўриб қандай хулоса, тарбия, ибрат олияпти?”
Қатъиятсиз ва оқибати чуқур ўйланмай қилинган қарор
Расул Кушербаев кутилмаганда мактабларда дарс бошланишини миллиардлаб зарар етказиши мумкин бўлган тезкор қарор дея баҳолади.
“Аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январга қадар узайтирилиб, ўқув машғулотлари 18 январдан бошланиши маълум қилинганди.
Бироқ 10 январь кечга яқин кўплаб ҳудудлардаги мактабларда ўқишлар 11 январдан бошланиши белгиланибди.
Қатъиятсиз ва оқибати чуқур ўйланмай қилинган қарор!
Сабаби, энергия иқтисод қилиниши учун кўплаб мактабларда иссиқлик ўчирилган ҳақида эшитдик. Иссиқлик тизими ичидаги сув музласа трубалар ёрилади. Ҳойна ҳой ёрилмаслиги учун сувлар ҳам тизимдан чиқариб ташланган.
Энди мана бу қарор туфайли бугун эрталабгача мактаблардаги иссиқлик тизимига сув ҳайдалади. Бунақа тезкор режимда камдан кам ҳолатда тизим сувга тўлиб беталафот бинони иситишни бошлайди. Аксарият ҳолларда совуқда трубалар ёрилади ёки насос ишдан чиқиб, иссиқлик тизимини ишлатиш аксинча ҳафталаб нарига сурилади.
10 январь кечқурун 11 январь эрталаб мактабда дарс бошлаш ҳақида қарор қилишдан олдин лоақал бирорта масъул раҳбар мактаблардаги "котельный"чидан иситишнинг техник имконияти ҳақида сўраб кўрдимикан?
Афсуски бу тезкор қарор қатор мактабларни бор иситиш тизимини ҳам ишдан чиқариб, мамлакат миқёсида миллиардлаб зарар етказиши мумкин”, — деди Кушербаев.
Кенгашли тўй тарқамас
Блогер Хуршид Далиев таълим соҳасида “эзгу ният”да дея қабул қилинаётган ҳар қандай қарорлар жамиятда жуда катта резонансга сабаб бўлаётганини таъкидлади.
“Президент ҳар доим ўз нутқида соҳада тизим бўлиши керак, тизим ишлаши керак деб айтади. Қайси соҳани таҳлил қилмасин соҳа эгаларига аниқ вазифалар ва тавсиялар беради. Айниқса, Мурожаатномада бу йилни “таълим сифатини ошириш”га алоҳида урғу берилди. Ҳа, Президент тўғри айтяпти "Нажот – таълимдадир".
Ижрога келганда эса, нега энди шу таълим соҳаси ҳокимларга ишониб топширилаяпти? Улар эса ҳар доимгидек “салладан кўпроғини” олиб келишяпти. Мана шу “ручной” бошқарув. Мана шу тизимсизлик. Таълимнинг ўз эгалари, ўз фидойилар борку. Уларга ишонч билдириб, уларнинг маслаҳатларини олган маъқул эмасми?
Эътибор берингда, таълим соҳасида “эзгу ният”да дея қабул қилинаётган ҳар қандай қарорлар жамиятда жуда катта резонансга сабаб бўляпти. Нега шундай? Нима деб ўйлайсиз? Бу — олдин қарорларни қабул қилиб қўйиб, кейин энди нима қилсак экан дегандек таассурот уйғотяпти.
Тушунамиз, кўпчиликка дахлдор бўлган бўлган қарорларни қабул қилиш осон эмас, айниқса энг критик вақтда. Бундай пайтларда етти ўлчаб бир кесган маъқул. Шошма-шошарлик қилмасдан, кўпчиликнинг фикрини инобатга олган маъқул. Босқичма-босқич деб тавсия берилдими, шундай қилайлик. Бир-икки кун кечроқ бўлса бўлсин, хавфсизроқ ва беталафот бўлсин!”, — деган у.
Аномал қарорлар
Блогер Муҳрим Аъзамхўжаев эса ҳолатни “Ўзбекистон, унинг халқи, мустақиллиги, келажаги учун энг катта ва жиддий хавф аномал совуқ ё иссиқ эмас, балки ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайдиган аномал ўзбек чиновниклари ҳамда улар қабул қиладиган аномал қарорлардир”, дея таърифлади.
Ярим тунда ўзгарадиган қонунлар
Журналист Муслим Мирзажонов эса қабул қилинган қарорлар ярим тунда ўзгариб қолиши, одамлар эса нима қиларини билмай, гангиб юргани ҳақида ёзди.
“Нега мамлакат миқёсида қабул қилинган қарор ярим кунда ўзгариб қолаверади? Одамлар бу ёқда гангиб юрибди. Уларнинг режалари бир пул. Кечагина уйига қайтиб кетган талаба, яна ўқишга келиши керак. Бу нима жиннихона? Раз чўзилдими, кучида қолавермайдими ёз бўпкетсаям. Тентагона беқарорлик. Афандичилик бу ёғи. "Вазиятга қараб онлайн таклиф этилади" қабилидаги гаплар умуман ишламайди. "Кел, ўқи", дейилади и всё! Билмасак экан бизда қанақа ишлашларини”, — дейди журналист.







