Тошкентда “Мен ғолиб” марафони якунланди
Унда кимлар ғолиб бўлгани маълум қилинди.

Бугун, 19 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб “Мен ғолиб” ватанпарварлик югуриш мусобақаси ўтказилди.
Мусобақаларда, асосан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва куч тузилмаларининг 12 та жамоасидаги 300 нафарга яқин хизматчи, юзлаб ҳаваскорлар иштирок этди. Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат Хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура каби жамоалар ўртасида кечган баҳсларда ғолиб ва совриндорлар яккалик ва жамоавий тарзда аниқланди.
Пойтахтнинг «Халқлар дўстлиги» майдонидан старт берилган 10 километр масофада югуриш мусобақаларининг умумий ҳолдаги ғолиб ва совриндорларини белгилаш учун 50-60 дақиқадан кўпроқ вақт кетди.
Натижаларга кўра, 1-ўринни Мудофаа вазирлиги академияси тингловчиси Жавоҳир Холиқбердиев, 2- ва 3-ўринларни Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари Файзулла Ҳабибуллаев ва Шавкат Нуриддинов эгаллади.
Жамоалар ўртасида фахрли 1-ўрин Мудофаа вазирлигига тегишли бўлди. 2- ва 3-ўринлар Президент ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати жамоасига насиб этди.








