Йогуртни ҳаром деб чиққан блогер 15 суткага қамалди
Ҳолат бўйича пойтахт ИИББ маълумот берди.

Савдо дўконларида сотилаётган турли йогурт маҳсулотларининг ҳаммаси ҳаром эканлигини айтиб, уни истеъмол қилмасликка чақирган фуқаро жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 1997 йилда туғилган N.X. видеоролик орқали турли ишлаб чиқарувчи компаниялар маҳсулоти бўлган йогуртларнинг таркибида «кармин» моддаси мавжудлигини айтиб, уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги хусусидаги фикрларини тегишли соҳа мутахассисларидан хулоса олмай, ўз ташаббусига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда билдирган.
Конституциянинг 25-моддасига асосан, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шунингдек, 27-моддасига биноан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон фуқароларининг юқоридаги кафолатларига монелик қилиш мумкин эмас. Айниқса, алоҳида шахсларнинг ўз ташаббуси орқали турли масалаларга диний тус бериш орқали ўзгаларнинг шахсий ҳаётга аралашишига йўл қўйилмайди.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига биноан, тадбиркорлик фаолияти субъекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зарар компенсация қилинишини талаб этишга ҳақли.
Шунингдек, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.
Мазкур ҳолат юзасидан Н.X.гa нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3- (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаларига (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди томонидан Н.X.гa нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.








