“The Guardian”: Ғарб давлатлари Украина Қуролли Кучларининг қарши ҳужумга тайёр эмаслигидан хавотирда
Газетанинг ёзишича, Украина армиясида сифатли тайёргарлик кўриш учун етарли вақт йўқ, ўқ-дорилар ҳам етарли эмас.

Украинага ёрдам бераётган Ғарб давлатлари унинг қуролли кучлари ҳолати ва қарши ҳужумга ўтишни истамаслигидан хавотирда. Бу ҳақда якшанба куни “The Guardian” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Украинага ёрдам учун миллиардлаб доллар сармоя киритган АҚШ ва Европа давлатлари қарши ҳужумни кутмоқда, фронтдаги статик вазият айрим юқори мартабали амалдорларда Украина кампаниясининг муваффақиятига шубҳа уйғотмоқда.
Украина Қуролли Кучларининг яқинлашиб келаётган қарши ҳужуми ҳақидаги хабарлар 25 апрелм куни пайдо бўлди. Ўшанда “The New York Times” Пентагон ва Америка разведкасининг интернетга сиздирилган махфий ҳужжатларига таяниб, Украина қўшинлари келаси ой жанубий йўналишда операция бошлашни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди.
Нашрнинг ёзишича, бунинг учун апрель ойи охиригача Украина ҳар бири 4 минг кишидан иборат 12 та жанговар бригадани тайёрлаши керак.







